Жаҳон | 17:02 / 24.09.2018
4810
2 дақиқада ўқилади

Трампдан БМТ Бош ассамблеясида шоу кутишмаяпти

Фото: Associated Press/Evan Vucci

АҚШ президенти Дональд Трампдан, унинг олдиндан тахмин қилиш мушкул бўлган характерига қарамай, БМТ Хавфсизлик кенгашидаги раислиги вақтида шоу кутишмаяпти, дея таъкидлайди Reuters агентлиги.

26 сентябрь, чоршанба куни Трамп Нью-Йоркда БМТ Хавфсизлик кенгашининг Эронга алоҳида эътибор бериладиган, кимёвий ва ядровий қуролини тарқатмаслик масалалари бўйича йиғилишга раҳбарлик қилиши кутиляпти.

«Менинг ишончим комилки, бу воқеа бутун ўтган вақт давомида Хавфсизлик кенгашининг энг машҳур йиғилиши бўлади», - дея айтиб ўтди АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли.

Шунга қарамай, Трампнинг аввалдан тахмин қилиш мушкул бўлган характерига қарамасдан, баъзи дипломатлар Америка раҳбари Хавфсизлик кенгаши йиғилишида реалити-шоу уюштиришини кутишмаяпти, дейилади материалда.

«Мен бу кўнгилочар тадбирга ўхшаб кетади, деб ўйламайман», - дея айтиб ўтди БМТнинг ўз номини ошкор этмаган юқори мансабли дипломати.

Дипломатнинг сўзларига кўра, ҳатто АҚШ президентини ёқтирмайдиган давлатлар раҳбарлари ҳам буни очиқдан-очиқ кўрсатишмайди.

Агентликнинг таъкидлашича, Америка Қўшма Штатлари президенти лавозимини Трампдан олдин эгаллаган Барак Обама 2009 ва 2014 йилларда Хавфсизлик кенгаши йиғилишларида раислик қилган. Ҳар икки ҳолатда ҳам Кенгаш муҳокамада иштирок этган масалалар юзасидан резолюциялар қабул қилган. Шу билан бирга, АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли сўзларига кўра, Трамп чоршанба кунги йиғилишда резолюция қабул қилишни режалаштирмаяпти.

Reuters’нинг қўшимча қилишича, Хавфсизлик кенгашининг раиси ўрни одатда маъмурий ва холис характерга эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп БМТ Бош ассамблеяси доирасида кимлар билан учрашиши маълум бўлганди. 

Мавзуга оид