Душанба куни, 10 сентябрда миллиардер ва Alibaba group асосчиси Жек Ма 54 ёшга тўлди. Хитойлик тадбиркор ва унинг компанияси тўғрисидаги энг қизиқ материалларни тўпладик.

Жек Ма тамойиллари
«Мен оддий хитой оиласида туғилдим. У қадар яхши ўқимасдим. Ҳаракат қилардим, аммо ҳар доим ҳам ўхшайвермасди. Балки, гап менинг мактабим энг яхши мактаб бўлмаганидадир. Шу сабаб мактабни тугатгач, анча вақтгача иш тополмадим. Уч марта имтиҳонлардан йиқилдим ва университетга кира олмадим. Бироқ ҳеч қачон енгилмадим. Муваффақиятга эришмаган одамдан муваффақиятсизлигининг сабабини сўраб кўринг. Агар у бунда кимнидир айбласа, унинг имконияти йўқ. Омадсизлар ана шундай гапиришади. Имконияти борлар эса бошқача сўзлайдилар…
Alibaba’га Хитойда асос солинган, бироқ у Хитой компанияси бўлиб қолмаслиги зарур. Унинг ҳатто номи ҳам хитойча эмас, у араб тилидан олинган. Ахир ёдингизда-ку, бу сўз “1001 кеча” тўпламида учрайди. Мен уни атайлаб танладим. Хитойда яратилган компания бутун дунёдаги кичик компаниялар ва ёшларга ёрдам беришини истадик.
Агар келажакка тайёр бўлишни истасангиз, кеча қилган ишларингизни бажарманг. Хотирани машқ қилдириш керак эмас, барибир компьютердан кўпроғини ёдда сақлай олмайсиз. Тезроқ ўқишга ҳаракат қилманг, чунки компьютерлар буни тезроқ амалга оширади. Сиз ижодкор, новатор бўлишга ҳаракат қилишингиз керак, конструктив бўлишингиз лозим. Ўрганаётганларингизнинг бари сизни ана шундай одамга айлантириши зарур.
Ўз-ўзимга доим мана бундай маслаҳат бераман. Ҳеч нарса оддий ва бекорга бўлмайди. Агар муваффақиятга эришмоқчи бўлсангиз, бунинг учун ҳақ тўлаш керак бўлади.
Ўз-ўзимга ҳар куни берадиган яна бир маслаҳат. Мен ҳар куни мана бундай дейман: «Бугун бари мураккаб, эртага бундан-да мураккаб бўлади, индинга бари ажойиб бўлади, бироқ кўпчилигимиз эртага кечки пайт вафот этамиз». Айнан шунинг учун қўлни-қўлга теккизмай ишлаш керак.Ҳар бир янги кун муаммолар келтириши мумкин, бироқ мураккаб вазиятда чиниқасиз. Ўз-ўзингизга ишонишингиз керак, ана ўшанда келажакдаги ҳар қандай муаммони еча оласиз.
Агар тўғри йўналишда кетаётган бўлсангиз, пулнинг ўзи сизни топади. Бу айнан шундай ишлайди. «Агар пулим бўлганида, мана бундай қилган бўлардим» дейдиганларга мен ҳар доим шундай жавоб бераман: «Сизда ҳеч қачон пул бўлмайди. Агар бирор нарсани ҳақиқатан ҳам амалга оширмоқчи бўлсангиз, буни пулсиз бажаринг. Натижага эришсангиз, сизга пул келади».

















