Ниғматилла Йўлдошев сенаторларни ташаббус кўрсатмаганлиги учун танқид қилди
27 сентябрь куни бошланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг XVI ялпи мажлисида Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев парламент юқори палатаси аъзоларини ташаббус кўрсатмаганлиги учун танқид қилди.
«Фаолиятдаги камчиликлар салбий оқибатларга олиб келаётганини афсус билан тан олишимизга тўғри келади. Биз айрим сенаторларнинг ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш борасидаги ташаббускорлигини сезмаяпмиз. Жорий йилда аксарият қўмиталар аъзолари муҳим масалаларни муҳокамага киритиш бўйича бирорта таклиф билан чиқмаганини қандай изоҳлаш мумкин?», – деди Йўлдошев.
Унинг сўзларига кўра, сенаторлар сенаторлик сўровидан самарали фойдаланишмаяпти. Йўлдошев ҳудудларда бир-икки сенаторгина фаоллик кўрсатаётганини етарли деб ҳисобламаслигини билдирди.
«Биргина Хоразм вилоятининг учта туманида 11 мингта, Бухоро вилоятининг битта туманида 9 мингдан ортиқ муаммо аниқланган. Бу муаммоларнинг ечими бўйича депутат ёки сенатор ташаббус кўрсатмаса, оддий одамлар нима ҳам қилиши мумкин?», – деди Сенат раиси.
Йўлдошев юқори палата аъзолари кўпинча ялпи мажлисларда масъул раҳбарларнинг ҳисоботларини эшитиш билангина чекланиб қолаётгани, қўмиталар эса қарорларнинг бажарилиши устидан назорат ўрнатмаганини танқид қилди.
«Биз ҳалигача иш юритишнинг эски услубларидан воз кечмадик. Оқибатда одамлар бир масала юзасидан қайта-қайта мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда», – таъкидлади у.
Мавзуга оид
19:01 / 11.11.2024
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:55 / 24.10.2024
“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси
13:38 / 23.10.2024