Сенатнинг 18-ялпи мажлисида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида республика бўйлаб соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, банк ва кадастр соҳаларида коррупция ва бюрократиянинг келиб чиқиш сабаблари жойида ўрганилди.

Ўрганишлар натижалари асосида ҳудудлар ва вазирликларда сайёр йиғилишлар ўтказилиб, коррупция хавфи юқори бўлган туман ва шаҳарлар учун манзилли “йўл хариталари” тасдиқланди.

Муҳокама давомида соҳада сақланиб қолаётган тизимли муаммо ва камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, 2025 йилда коррупцияга оид жиноятлар бўйича 7 517 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган, давлат манфаатларига 2,9 трлн сўмдан ортиқ зарар етказилган.

Энг кўп коррупцияга оид жиноятлар мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тижорат банклари ҳиссасига тўғри келган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳар тўртинчисида коррупциявий омиллар аниқланган, давлат харидлари соҳасида 12,6 трлн сўмлик қонунбузилишлар қайд этилган, айрим давлат органлари ва ҳудудлар коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги ҳамда очиқлик индекси бўйича қониқарсиз натижа кўрсатган.