Ҳозирги кунда инсонлар ҳаётини янада енгиллаштириш учун янгидан янги қурилмалар ишлаб чиқарилмоқда. Ривожланган давлатлар эса янги давр – тўртинчи саноат революциясига ҳар томонлама тайёр бўлиш мақсадида инновацион ғоялар, янги стартап лойиҳаларни ишга туширмоқда. Жанубий Кореяда ҳам ёшлар янги ихтироларни ҳаётга татбиқ этиш билан банд.

Мана шундай ёшлардан бири Ёнсей университетининг физиотерапия бўлими магистранти, бўлажак шифокор Чой Вонсукдир. У имконияти чекланган ҳамда бемор инсонлар ҳаётини янада енгиллаштириш учун компьютер ва 3D принтер қурилмасидан фойдаланган ҳолда Splint and Assistive ёрдамчи ускуналарини яратди. Ҳозирда Вонсук ўз инновацион лойиҳасини нафақат Корея, балки бошқа давлатларда ҳам кенг оммага намойиш этиб келмоқда. Бугунги суҳбат орқали қаҳрамонимиз яратган янги қурилмалар ҳақида янада яқинроқ билиб олиш имконига эга бўласиз.

- 3D босма қурилмаларининг мутахассиси бўлиб етишишда нимадан илҳомландингиз?

- Тўртинчи саноат революцияси ҳақидаги мақолани ўқий туриб, янги 3D принтер ҳақида билиб олдим. 3D принтер янги технология бўлиб, ишлаб чиқариш саноати парадигмасини ўзгартириб юборди. Жуда ҳам кўп афзалликлар мени қизиқтира бошлади. 3D принтер технологияси орқали ҳар ким сотувчи ва харидор ўртасидаги тўсиқни олиб ташлайдиган маҳсулотни яратиши мумкин. Бундан ташқари, янги технология “кичик ҳажмдаги серияли қурилмалар ишлаб чиқаришга ёрдам беради. Мана шундай афзалликлар туфайли 3D принтер воситаси имконияти чекланган инсонлар учун ҳар бири ўз жисмоний хусусиятларига эга махсус ёрдамчи қурилмалар ва шиналар яратишга мос келади.  

Чой Вонсук

- Ўз ғояларингиз ва иш тажрибангиз ҳақида сўзлаб берсангиз?

- Асосий 3D босма технологиялари орқали инсонларни ҳаракатланишига кўмаклашувчи ёрдамчи қурилмалар яратишга ҳаракат қиламан. Ҳозирги кунда мен қурилмалар ишлаб чиқариш учун 3D сканери ва 3D моделлаштиришдан фойдаланаман. Шу кунга қадар мен бармоқлар, билаклар учун шина, овқатланишга кўмаклашувчи қурилма, ғилдирак ўриндиқ учун электрон жойстик, 3D орқали сичқон-таёқча яратганман. Ҳар бир қурилма жисмоний қобилиятлар орқали мустақил ҳаракатланишга мўлжалланган.