Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади. Президент матбуот хизмати давлат раҳбарининг табриги матнини эълон қилди. 

Муҳтарам устозлар!

Қадрли дўстлар!

Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини ёш авлод тарбиясидек шарафли ишга бағишлаган барча юртдошларимизни
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман.

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Инсон тафаккурининг қуввати ва кенглиги аввало муаллим тарбиясига боғлиқ” деган сўзлари сизларнинг машаққатли, айни вақтда олижаноб фаолиятингизга берилган юксак баҳодир, десак, ўйлайманки, адашмаган бўламиз.

Ҳақиқатан ҳам, биз ўзимиздаги жамики яхши фазилатлар, ҳаётда эришаётган барча ютуқларимиз учун сиз, азизлардан умрбод қарздормиз. 

Ушбу қутлуғ айёмда сизларнинг шаънингизга энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, барчамизнинг камол топишимиз, жамиятда муносиб ўрин эгаллашимизда бор билим ва тажрибасини, қалб ҳароратини бахш этиб келаётган меҳридарё устозларимизга чин юракдан миннатдорлик билдирамиз.

Ҳурматли дўстлар!

Барчамиз яхши тушунамиз, таълим-тарбия – ҳар қайси давлат ва жамиятнинг нафақат бугунги, балки эртанги кунини ҳам ҳал қиладиган энг муҳим ва устувор масаладир. 

Шунинг учун мамлакатимизда бу масалага давлат миқёсида улкан эътибор қаратилмоқда. 

Бу ҳақда гапирганда, охирги вақтда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини мутлақо янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган бир неча муҳим қарорлар ҳақида алоҳида тўхталишни ўринли, деб биламан.

Аввало, 2017 йил 30 сентябрда қабул қилинган Президент қарорига мувофиқ юртимизда биринчи марта Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Шу асосда ўтган қисқа даврда ушбу тизим тубдан янгича негизда ташкил этилгани, 980 дан ортиқ боғча қурилиб, ишга туширилгани, бу масканларда таълим-тарбия ишлари мазмун ва сифат жиҳатидан энг илғор усул ва воситалар ёрдамида олиб борилаётганини  қайд этиш лозим. 

Яна бир муҳим ҳужжат – 2018 йил 14 августда қабул қилинган Президент қарорига биноан бошланғич ва юқори синф ўқитувчиларининг маошлари тенглаштирилди, янги йилдан бошлаб мутахассис ўқитувчиларнинг оширилган ойлик иш ҳақи миқдори 54 фоизга, олий тоифали педагогларники эса 64 фоизга етиши кўзда тутилмоқда.