2018 йил 1 октябрдан кучга кирадиган солиқ соҳасидаги асосий янгиликлар, ер участкаларини ажратиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш, крипто-активлар оборотига доир янги қоидалар ва бошқа янгиликлар ҳақида Norma маълумот берди.

Оқибатларни юзага келтирадиган хронометраж, паспортлаштириш, автотураргоҳларга солиқ солиш ва сув солиғининг янги ставкалари

Биринчидан, шу пайтгача хронометраж натижалари солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш учун асос бўлиб хизмат қила олмас эди. Бироқ 1 октябрдан принцип ўзгаради. Аввал солиқчилар хронометраж натижаларига кўра охирги ҳисобот даври учун камайтириб кўрсатилган тушумни ва ходимлар сонини қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда солиқларни ҳисоблашни амалга ошириш ҳақида талабнома юбориш ҳуқуқига эга бўладилар. Камайтириб кўрсатиш такроран аниқланганда, ушбу ҳаракатлар солиқ тўлашдан бўйин товлаш сифатида малакаланади.

Иккинчидан, солиқ тўловчиларни паспортлаштириш режалаштирилган муддатдан бирмунча олдин бошланади (норматив ҳужжатларга кўра у 1 октябрдан бошлаб тузилади). Тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинган жойда фаолият юритаётгани текширилади, фаолият тури ўрганилади, ходимларининг ҳақиқатдаги сони ҳисоботда кўрсатилгани билан солиштирилади, ноқонуний тадбиркорлик далиллари аниқланади. Паспортлаштириш давомида тўпланган далиллар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун асос бўлади.

Учинчидан, қатъий белгиланган солиқни тўлаб келган автотураргоҳлар октябрдан ЯСТ ёки умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишлари керак. Солиқ тушумлари устидан назорат ўрнатилади. Хусусан, барча автотураргоҳлар видеокузатув камералари ҳамда кириш ва чиқиш вақтини қайд этиш тизимини ўрнатишлари шарт.

Тўртинчидан, айрим сув истеъмолчилари сув ресурсларидан фойдаланганлик учун тўлайдиган солиқ миқдори оширилди. Саноатчилар (электр станциялари, коммунал хизматлар ва алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчилардан ташқари) октябрдан бошлаб ер усти сув ресурслари манбаларининг 1 куб метри учун 300 сўм ва ер ости сув ресурслари манбаларининг 1 куб метри учун 360 сўм тўлайдилар, бу ставкалар тахминан уч баравар оширилганини англатади. Автомобиль ювиш корхоналари эса тегишинча 1 000 ва 1 250 сўмдан ҳисоблашлари керак. Улар учун солиқ 10 баравардан ортиқ ошди.

Инвестиция лойиҳалари учун ер ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олишнинг янги қоидалари