Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган 2018–2021 йилларга мўлжалланган Халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг ёзишича, 2018 йил 29 сентябрь куни Ўзбекистонда илк бор «Краудфандинг» (халқ томонидан молиялаш) биринчи платформаси Mfond.uz ишга туширилди.

Шу муносабат билан, Ёшлар пресс-клубида ташкил этилган тадбирда турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари иштирок этди. Ушбу платформа орқали жамланган маблағлар мамлакатимиздаги таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кам таъминланган оила фарзандларини қўллаб-қувватлаш ва иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Платформа мактаб раҳбарлари учун ўқув муассасасининг моддий-техник базасини ривожлантириш учун ҳомийлик маблағларини жалб қилишга қаратилган бир восита ҳисобланиб, жалб қилинган маблағларни ишлатишда очиқлик ва ҳисоботлилигини таъминлаб беради.

Mfond жамоатчилик хайрия жамғармасининг тақдимоти 1 октябрь – «Ўқитувчи ва мураббийлар куни»ни нишонлаш доирасида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган хайрия жамғармаси мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун қўшимча пул тўплаш ҳамда ногирон ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун қўллаб-қувватлаш ва иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш учун сарфланади.

Mfond ҳомийлик платформаси орқали ҳомийлар, ота-оналар, чет элда яшовчи ватандошларимиз, шу жумладан, мактабнинг собиқ ўқувчилари мактабларга ҳомийлик қилишлари мумкин. Маблағларни Payme, Upay, Click маҳаллий тўлов тизимлари ва халқаро Visa, MasterCard ва бошқа халқаро тўлов тизимлари орқали ўтказиш қулайликлари яратилган.