Тошкентда шаҳар ҳокими в.б ва сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигида ободончилик ва қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Айни вақтда Шайхонтоҳур тумани Себзор даҳаси «Жанггоҳ» маҳалласида ҳам қурилиш учун бузилиш ишлари бошлаб юборилган. Бу ишлар қонун доирасида амалга оширилмоқдами ёки унинг аксими, шуни ўрганиш мақсадида ижодий жамоамиз билан ушбу маҳаллага бордик.

Аввалига Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан суҳбатлашдик. Улар аҳолига бир неча ой аввал бузилиш ҳақида тушунтириш ишлари амалга оширилгани, огоҳлантиришлар берилгани ва ҳудудда яшовчи хонадонларга бир нечтадан замонавий кўринишда қурилган квартиралар берилаётганини таъкидлади. 

«Бузилишга ҳозирча 79 та уй тушган. Уларда 370 нафар фуқаролар яшайди. Жами 240 та квартира ажратиб берилди. Мана, туни билан дам олиш йўқ. Огоҳлантиришларга қарамай, баъзи оилалар ҳозирга қадар кўчишга улгурмаган. Уларга шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан юк машиналари берилди. Юк машиналари янги уйларига фуқароларнинг уй жиҳозларини ташишлари учун кўмаклашмоқда. Инсонларга максимал даражада ёрдам кўрсатилмоқда. Уларнинг аксариятига барча шароити етарли бўлган энг замонавий кўринишдаги уйлар тақдим қилинмоқда. Менимча, фуқароларимиз рози. Рози бўлмаганига керак бўлса, озроқ сабр қилса, Юнусобод туманидан тенгма тенгига ер ажратиб, уй ҳам қуриб берамиз», — деди шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Шундан сўнг ўша жойдан яшаб кўчиб кетаётган инсонлар билан боғландик. 

—  Иккита ўғил эдик. Опам бор эди. Улар оиласи билан ажрашганди. Фарзандлари билан қайтиб келганди. Мана, кўчмоқдамиз. Ҳокимият ўз ёрдамини аямади. Шаҳар ҳокими қўлидан келганча кўмаклашмоқда, — дейди ўша ерда яшаётган ёш оила боқувчиси.

—  Бизнинг уйимиз ер майдони 6 сотих. Жами 11 та инсон яшайди. Бизга 3 та квартира берилмоқда. Биз ҳокимликдан розимиз. Аввалроқ огоҳлантириш берилган. Уйимда ногирон шахс бор. Ҳозир ҳокимият кўчаётган уйимизгача етиб олишимиз учун машина берди, — деб таъкидлади маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Кичик 2 ёки 3 сотихли майдонга эга уйлар учун 3-4 хонали уйлардан бир нечтадан берилмоқда. Бир аёлга жами 10 нафар оила аъзолари учун 4 та квартира берилди.