Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати маълумотига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси 9 октябр куни соат 13:50 ларда Себзор кўчасида, 9-оилавий поликлиника қаршисида содир бўлган.
FAW юк машинасини бошқариб кетаётган, 1985 йилда туғилган Ж.Б. бошқарувни йўқотиб, оралиқ масофани сақлай олмаган. Натижада транспорт воситаси қизил чироқда тўхтаб турган учта транспорт воситасига урилган.
Ҳодисадан сўнг иккала Damas ҳайдовчиси ва бир нафар йўловчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Бошқа жароҳат олганлар йўқлиги билдирилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари суриштирув олиб бормоқда.
ЙҲХБ ҳайдовчиларни ҳаракат вақтида йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш ва транспорт воситалари ўртасидаги оралиқ масофани сақлашга чақирган.














