Италия чемпионатида 7-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга молик бўлган бир неча муҳим воқеалар юз берди.

«Ювентус» турнинг марказий ўйинида «Наполи»ни енгди, Роналду жамоасининг учта голида иштирок этди

«Ювентус» ўз майдонида «Наполи»ни қабул қилди. Чемпионлик учун бевосита кураш олиб бораётган бу икки жамоанинг ўйини нафақат турнинг, балки турнирнинг ҳам марказий ўйинларидан бири бўлди.

10-дақиқадаёқ меҳмонлар рақиб хатосидан фойдаланиб, ҳисобни очишди. Мертенс яқин масофадан дарвозани қийинчиликсиз ишғол этди. Шундан сўнг, саҳнага Криштиану Роналду чиқди. Бу баҳсда у дарвозага тўп киритолмаган бўлса-да, жамоасининг барча голларида иштирок этиб, ўйин қаҳрамони бўлди. 26-дақиқада унинг тўп оширишидан сўнг, Манжукич боши билан дарвозани ишғол этди. 49-дақиқада Роналду узоқ масофадан зарба йўллаганида, тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. Манжукич эса уни бўш қолган дарвозага аниқ йўллади. 76-дақиқада бурчакдан оширилган тўпни Роналду боши билан дарвоза томон йўналтирди. Ҳимоячилардан илдамроқ ҳаракат қилган Бонуччи уни бўш қолган дарвозага киритиб юборди.

«Ювентус» 3:1 ҳисобида иродали ва ишончли ғалабани қўлга киритиб, 100% натижа билан чемпионат жадвалини бошқариб келмоқда. Жамоа энг яқин таъқибчиси «Наполи»дан 6 очко илгарилаб кетди.

«Ювентус» бош мураббийи Массимилиано Аллегри ўйиндан сўнг, жамоасининг ғалабасига изоҳ бериб, шундай деди: «Ўйиннинг бошида қийин бўлди, биз тўпни назорат қилолмадик ва гол ўтказиб юбордик. Роналду яхши ишлади, у бир неча хавфли вазиятларни ярата олди. «Наполи» бир футболчи кам бўлиб қолгач, ўйинни ташлаб қўйдик ва бу менга ёқмади. Улар ҳисобни тенглаштириши мумкин эди».

«Наполи» устози Карло Анчелотти мағлубият сабабларига тўхталиб ўтиб, шундай деди: «Жамоадан мамнун эмасман, ўйинни зўр бошладик, гол урдик. Шундан сўнг, «Ювентус»га мувозанатни тиклаб олишга имкон бердик. Умуман олганда, биз яхши ўйин намойиш қилдик. Энди ирода ва барқарорлик устида ишлашимиз шарт».

Ювентус – Наполи 3:1 (1:1, 2:0)

29 сентябрь «Альянц Стэдиум»

Голлар: 0:1 – 10 Мертенс, 1:1 – 26 Манжукич, 2:1 – 49 Манжукич, 3:1 – 76 Бонуччи.