Спорт | 17:32 / 02.10.2018
19219
13 дақиқада ўқилади

Моуриньо учун охирги имкон, Роналдусиз «Ювентус». ЕЧЛ ўйинлари анонси

Бугун, 2 октябрь куни Европа Чемпионлар Лигасининг 4 гуруҳида 2-тур ўйинлари бўлиб ўтади. «Манчестер Сити» дастлабки турдаги мағлубиятдан кейин Германияда вазиятни ўнглашга уринса, «МЮ» Валенсия сардорлиги остида «Валенсия»ни қабул қилади. Шу ва бошқа ўйинлар анонсини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Е ГУРУҲИ

БАВАРИЯ – АЯКС
Мюнхен. «Альянц Арена». 23:55.Ҳакам: Павел Краловец (Чехия)

АЕК – БЕНФИКА 
Афина. «Олимпико Сбадио Спирос Луис». 23:55.Ҳакам: Орле Гринфилд (Исроил)

«Бавария» ва бошқалар» деб номлаш мумкин бўлган Е гуруҳида Ковач шогирдлари «Аякс»ни қабул қилади. Нидерландияликлар илк ўйинда АЕК устидан жуда чиройли йирик ғалабага эришди ва кейинги босқичга чиқиш учун асосий даъвогар эканликларини намойиш қилишди. «Бенфика» олдида яна бир қўшимча устунликка эга бўлиш учун бугун очко олиш зарар қилмайди.

Бир қараганда, «Бавария»дан очко олишнинг айни пайти. Мавсумни жуда кучли бошлаган «Бавария» ўтган ҳафтани жуда ёмон ўтказди ва Бундеслигадаги яккаҳокимликни бой берди. Аввалига, Мюнхенда «Аусбург»га қарши ўйиндаги дуранг кўпчилик учун кутилмаган ҳолатдек баҳоланган бўлса, уч кун ўтиб Берлинда «Ҳерта»дан мағлубиятга учраган жамоа «Боруссия»ни биринчи ўринга ўтказиб юборди. Шу туфайли, мезбонларда ортиқча босим пайдо бўлгани табиий – яна бир омадсиз учрашув ва кейин, жамоа атрофида салбий фикрлар кўпая бошлайди.

«Аякс» эса, яхши спорт формасида, айниқса, ҳужумни ташкил қилиш ва гол уриш борасида муаммо йўқ. Амстердамликлар сўнгги 11 ўйиннинг 8тасида ғалаба қозонишди ва ғалабаларнинг 6таси йирик ҳисобда амалга ошди.

Нико Ковач ҳам, Эрик Ден Ҳаг ҳам узоқ муддатга сафдан чиққан (Толиссо, Коман – Сингравен, Велтман) футболчиларни айтмаса, асосий таркибдан тўлиқ фойдаланишлари мумкин. Мезбонлар таркибида фақат Леон Горецканинг майдонга тушиши сўроқ остида.

Афинада биринчи турнинг омадсиз жамоалари тўқнаш келади. Бу ўйинда мағлубиятга учраган жамоа плей-оффга эга чиқиш учун ўз имкониятини деярли нолга тенглаштириб қўяди. Португалия чемпионатида турнир жадвалини бошқариб турган «Бенфика» охирги турда кутилмаганда, «Шавиш» билан дуранг ўйнаб қўйди ва учинчи ўринга тушиб кетди. Бу учрашув ЕЧЛнинг мана шу бугунги ўйини учун «қурбон қилинган» бўлиш эҳтимоли юқори.

F ГУРУҲИ

ҲОФФЕНҲАЙМ – МАНЧЕСТЕР СИТИ
Зинсхайм. «Вирзол-Рейн-Неккар Арена». 21:55. Ҳакам: Дамир Скомина (Словения)

ЛИОН – ШАХТЁР
Лион. «Групама Стадиум». 23:55. Ҳакам: Андрис Трайманис (Латвия)

Кўринишидан юқорида анча сокин бўлиб, асосий кураш 2-ўрин учун кетиши тахмин қилинган бу гуруҳда ҳаммаси ўзгариб кетди. «Лион» сафарда «Манчестер Сити» устидан ғалаба қозониб, мувозанатни ўзгартириб юборди. Тўғри, ҳали ҳам Гвардиола жамоаси тизгинни ўз қўлига олиши мумкин, аммо энди бунинг учун мураббийнинг ўз ибораси билан айтганда, «шаҳарликлар» жамоаси энди бешта финалда майдонга тушишларига тўғри келади.

Дастлабки синов Бундеслиганинг камтаргина «Ҳоффенҳайм» клубига қарши кечади. «Ҳоффенҳайм» ички чемпионатда муаммоларга (6 турдан 3 мағлубият: 12 –ўрин) учраб турган бўлса-да, Лигани қониқарли бошлади. «Шахтёр» майдонида ҳисобда олдинда борган ҳолатда дуранг ўйнашни ғалабага қиёслаш мумкин. Бунинг устига, немислар жамоасининг бир қатор футболчилари жароҳат туфайли ҳали ҳам таркибдан четда эканликларини таъкидлаш керак. Ҳюбнер, Нордвейт, Рупп, Амири шулар жумласидан.

«Манчестер Сити» Англияда анча қулай тақвимдан фойдаланиб, максималга яқин очколарни тўплаб бормоқда ва икки рақобатчи клуб - «Ливерпуль» ва «Челси»нинг дурангидан фойдаланиб, 1-ўринга чиқиб олди. Яна бир яхши хабар: жамоа етакчиси Кевин де Брюйне машғулотларни бошлаб юборди. Ушбу ўйинда у шерикларига ёрдам бера олмаса-да, унинг қайтишининг ўзи жамоага ижобий туртки бериши табиий. Асосий таркиб ўйинчиларидан Серхио Агуэро бу ўйинда майдонга тушмаслиги мумкин. Товонидан жароҳат олган ҳужумчи ЕЧЛ ўйинида қатнашиши сўроқ остида турибди.

Иккинчи жуфтлик янада кескинроқ курашни намойиш этиб бериши кутилмоқда.  Бошиданоқ бу икки клуб иккинчи йўлланма учун асосий даъвогарлар сифатида тилга олинганди. «Лион» Манчестердаги ғалаба эвазига ўз имкониятини ошириб олган бўлса, «Шахтёр»га уй ўйинидаги дуранг қимматга тушиши мумкин. Кейинги икки турда рақиб «Манчестер Сити» бўлишини эътиборга олсак,  украиналиклар жамоаси бу ўйинда максимал очко учун ҳаракат қилишлари керак бўлади.

Ўйин ёпиқ, жазо тариқасида «Лион» уй учрашувини мухлисларсиз ўтказиши кўзда тутилган. «Шахтёр» устози аслида тўлиқ стадионда ўйнашни исташини айтаётган бўлса-да, мезбонларнинг ўн иккинчи ўйинчиси йўқлиги «кончилар»га қўшимча имконият яратиши турган гап. «Шахтёр» Франция жамоаларига қарши кечган 11 ўйиннинг 7тасида ғалаба қозонган. «Лион»нинг статистикаси янада ижобий – Украина жамоаларига қарши 4 ўйинда 3 ғалаба ва 1 дуранг. Бирорта ҳам гол ўтказиб юборилмаган. «Шахтёр» ва «Лион» еврокубокларда илк маротаба тўқнаш келишмоқда.

G ГУРУҲИ

ЦСКА – РЕАЛ
Москва. «Лужники» стадиони. 23:55. Ҳакам: Овидиу Ҳацеган (Руминия)

РОМА – ВИКТОРИЯ
Рим. «Стадио Олимпико». 23:55. Ҳакам: Павел Расковски (Польша)

«Реал» билан ўйнашнинг айни пайти. Россияда бир қатор журналистлар ва мухлислар Мадриднинг бугунги кичик инқирозидан фойдаланиб қолиш мумкинлиги ҳақида бонг урмоқда. «Рома» билан икки ўйин олдидан имкон қадар кўпроқ очкога эга бўлиш плей-офф йўлланмаси учун курашда қўл келади.

Тўғри, ҳар қандай ҳолатда ҳам, испан клуби армиячилардан бир бош баланд тураверади, аммо бугунги ҳолатга қўшимча сифатида «Лужники»нинг «Реал»га ноқулай стадион экани ҳақида ҳам ёзишмоқда. «Реал» бу стадионда тўрт марта майдонга тушган ва уч мартасида мағлубият аламини тотишга мажбур бўлган. Аср бошларида икки марта «Спартак» ва бир марта «Локомотив» мадридликлар жамоасини мағлуб этганди.

ЦСКА эса беш йил олдин, Слуцкий қўл остида тўп суриб юрган пайтларда «Реал» билан плей-оффда тўқнаш келган ва Москвадаги ўйин 1:1 ҳисобида якунланган.  Армиячиларнинг бугунги устози Гончаренко эса, БАТЭни «Реал»га қарши майдонга олиб чиққан ва икки марта мағлубиятга учраган экан.

Ҳақиқатан ҳам, «Реал» муаммолар гирдобига тушиб қолди. Ла Лигада сўнгги 4 турда атиги бир марта ғалаба қозонди холос. Аввал Иско кўричагини операция қилдириб сафдан чиққан бўлса, Марсело, Бэйл каби футболчиларнинг ҳам ЦСКАга қарши ўйинда жамоага ёрдам бера олмасликлари маълум бўлди. Шунингдек, жамоа сардори Серхио Рамос ҳам Россияга келмаган. Бош мураббий бу ҳолатни Рамос мавсум бошидан буён жуда кўп ўйинларда майдонга тушгани ва бу ўйинда ҳимоячига дам беришга қарор қилгани билан изоҳлади.

«Рома» ўтган турда Мадридда йирик ҳисобда мағлубиятга учраган бўлса-да, бунинг у қадар даҳшатли томони йўқ. «Бернабе»да очко олиш гуруҳдаги бошқа жамоалар режасига ҳам киритилмаган, демак «Рома»нинг асосий вазифаси ЦСКА ва «Виктория»га қарши ўйинларда устунлик қилиш. Гуруҳдан чиқишнинг энг реал ва осон йўли шу.

«Рома» ҳар томонлама Чехия жамоасидан устун ва бу ўйинда ғалаба қозониш учун римликлар ўз ички муаммоларини ҳал қилиб олишлари керак бўларди. Олти ўйинда ғалаба нималигини билмаган Ди Франческо жамоаси ниҳоят, вазиятни ўнглаб олди ва А Серияда қаторасига икки ғалабага эришди. Айниқса, Рим дербисида қўлга киритилган ишончли ғалаба ЕЧЛ ўйини олдидан жамоа руҳиятини янада оширган бўлиши табиий.

H ГУРУҲИ

ЮВЕНТУС  - ЯНГ БОЙЗ
Турин. «Аллианс Стадиум». 21:55. Ҳакам: Сергей Карасев (Россия)

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ВАЛЕНСИЯ
Манчестер. «Олд Траффорд». 23:55. Ҳакам: Славко Винчич (Словения)

«Валенсия»га қарши ўйинга бағишланган матбуот анжуманида Жозе Моуриньо ярим соатга яқин вақт мобайнида журналистларнинг саволларига жавоб берди, аммо бу саволларнинг аксари «Валенсия» ҳақида эмасди. Сўнгги ўйиндаги омадсизликлар, Погба, Санчес ва бошқалар билан муаммолар – Манчестер клуби билан боғлиқ салбий маълумотлар ва жумбоқлар шу қадар кўпки, унинг фонида «Валенсия» кўринмаяпти ҳам.

Хориж нашрлари Моуриньо ўз лавозимини тарк этиш арафасида эканини ёзишмоқда. Унинг ўзи «Вест Ҳэм»га қарши мағлубиятли ўйиндан кейин шундай деди: «Мен олдинга қарашда давом этаман ва сешанба кунги ўйинга тайёрланаман. Умид қиламанки, футболчилар, уларнинг ҳаммаси бўлмаса ҳам, шу йўналишда ишлашади».

Шу кунларда BeIN Sports телеканали «МЮ» Зинедин Зидан билан музокараларни бошлагани ҳақида хабар тарқатди.

«МЮ» премьер-лига стартида 3та ўйинда мағлуб бўлди ва 7 турдан кейин 10-ўринда жойлашган. Моуриньо еврокубокларда муваффақиятли иштирок этиш орқали истеъфодан қутулиб қолиши мумкин. Мураббийнинг тақдири «Валенсия»га қарши ўйин натижасига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Инглиз клубидаги вазият испан клубига қўл келиши мумкин. «Валенсия» ҳам ўз навбатида Ла Лигада муваффақиятсиз тўп сураётган, 7 ўйинда атиги 1 марта ғалаба қозонган бўлса-да, ҳозирда жамоада деярли босим йўқ. Ҳаммани фақат бир савол, «Манчестер Юнайтед»нинг инқирози қанчалик чуқур экани ўйлантирмоқда.

«МЮ» ўз имкониятининг қай даражасида тўп суришини тахмин қила олмайман, барибир ғалаба қозониш учун биз яхши ўйнашимиз керак», – деди меҳмонлар устози. Рубен Уриа шунингдек, «МЮ»нинг жисмоний тайёргарлик бўйича, Европанинг энг яхши уч жамоасидан бири эканини эътироф этди.

Жозе Моуриньо ушбу ўйинда Маркус Роҳо ва Эшли Янгга таяна олмайди. Шунингдек, мураббийнинг айтишича, Андер Эррера ва Жесси Лингарднинг бугунги ҳолатлари кўнгилдагидек эмас. Бошқа ҳамма футболчилар бугун «Олд Траффорд»да майдонга тушиши мумкин. «Валенсия» сафида фақат Санти Мина тиззасидан олган жароҳати туфайли таркибдан четда қолди.

«Ювентус» эса, ўзининг доимий рельсига тушиб олди. Валенсияда бир киши кам тўп суриб ҳам, уч очко эгасига айланган туринликлар эндиликда гуруҳдан чиқиш учун ортиқча муаммоларга дуч келишмаса керак. «Янг Бойз» устидан ғалаба Аллегри жамоаси учун жорий мавсумдаги қаторасига тўққизинчи ғалаба бўлади. Ўз навбатида, «Янг Бойз» ҳам ички чемпионатда муаммосиз тўп сураётганини, ўтказилган 9 турдан сўнг, юз фоизлик натижа билан турнир жадвалини бошқариб келаётганини таъкидлаш керак.

Бу ўйинда мезбонлар Криштиану Роналдунинг ёрдамидан фойдалана олишмайди. «Месталья»даги ўйинда майдондан четлатилган португалиялик ҳужумчи бир ўйинга дисквалификация қилинган.

Мавзуга оид