2016 йилнинг 19 октябрь куни Урганч шаҳрида мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Янги Шовот кўчаси билан Жайхун кўчаси кесишган чорраҳада «Каптива» ва «Ласетти» русумли автомашиналар тўқнашиб кетиши оқибатида, «Ласетти» ҳайдовчиси Ойбек Эсамуратов, унинг уч нафар фарзанди турли даражада тан жароҳати олишади. Унинг таниши Маҳбуба Қурязова эса оғир жароҳатлар натижасида, шифохонада вафот этади. «Каптива» бошқарувида бўлган Жасур Худойберганов енгил тан жароҳати олган.

Янгибозор тумани, Ойбек кўчаси, 3-уйда яшовчи Ойбек Эсамуратовнинг айтишича, у чорраҳадан светофорнинг яшил чироғида ўтаётганида, ён томондан катта тезликда келган ва қизил чироқда ўтган ҳайдовчи Жасур Худойберганов бошқарувидаги «Каптива» унинг автомашинасини уриб юборган. Натижада, «Ласетти» 32 метр масофага учиб кетган ва йўл четидаги бордюрга бориб урилган.

Бу жиноят иши бир нечта суд инстанцияларида муҳокама қилинган ва сўнгра Олий суд ажрими чиқарилган. Уларнинг барчаси Ойбек Эсамуратовни йўл-транспорт ҳодисасини содир этганликда айбдор деб топган. Судлар гувоҳларнинг кўрсатмаларини ишончли деб топиб, шу ҳақда ҳукм чиқаришган. Аммо, негадир, бу «ишончли» гувоҳларнинг барчаси Жасур Худойбергановнинг таниши ёки қариндоши бўлиб чиқади, уларнинг кўрсатмалари эса хилма-хиллиги, бир-бирига зидлиги билан ажралиб туради.

Гувоҳларнинг кўрсатмаларини суд ҳукмларидан олиб, қисқача танишамиз.

Биринчи гувоҳ Шерзод Жонибеков (Жасур Худайбергановнинг таниши) дастлабки тергов ва Янгиариқ тумани судида «мен 90 Q 993 FA давлат рақамли «Матиз» русумли автомобилимда чорраҳада чап томонга қайрилмоқчи бўлиб турганимда, «Ласетти» қарама-қарши йўналишдан соатига 70-80 км тезликда келаётган «Каптива»ни ўтказиб юбормасдан, тўқнашув содир қилди», деган. Аммо Хива шаҳар судида «мен «Нексия» русумли автомобилимда чорраҳада ўнг томонга қайрилмоқчи бўлиб турганимда, «Ласетти» қарама-қарши йўналишдан келаётган «Каптива»ни ўтказиб юбормасдан, тўқнашув содир қилди», деган. Қизиғи шундаки, «Билайн» компанияси томонидан тақдим қилинган пеленг маълумотига кўра, Шерзод Жонибеков ўша вақтда автоҳалокат юз берган жойда бўлмаган. У воқеа жойига бир соатдан сўнг етиб келган.

(Шу ўринда пеленг ҳақида қисқача тушунтириш. Уяли алоқа компаниялари пеленгацияси мижознинг қўл телефони сигналидан ва атрофидаги антенналарнинг ҳолатидан келиб чиқиб, унинг қаерда эканини аниқлаш имкониятини беради. Пеленг маълумотидан дастлабки терговда ва судда фойдаланилади).

Кейинчалик маълум бўлишича, 90 Q 993 FA давлат рақамли «Матиз» автомобили умуман мавжуд эмас