Спорт | 12:30 / 05.10.2018
16253
2 дақиқада ўқилади

Nike ва EA Sports Роналду ҳақидаги хабарлардан ташвишда

EA Sports ва Nike компаниялари «Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналду билан боғлиқ можароли иш бўйича баёнот беришди.

«Биз Криштиану Роналдуга қарши айб қўйилган ҳисобот билан танишиб чиқдик. Вазиятни диққат билан кузатиб борамиз, спортчилар ва бизнинг элчиларимиз ўзларини бизнинг қадриятларимизга муносиб тутиши керак», – дейилган EA Sports баёнотида.

Роналду – EA Sports юзи ҳисобланади. Унинг тасвири FIFA 19 симульяторида ҳам акс этган.

«Биз қаттиқ хавотирдамиз ва вазиятни диққат билан кузатишда давом этамиз», – дейилади Nike баёнотида.

Nike ва Роналду 2003 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда. Охирги келишув 2016 йилда тузилган, бу келишув 1 млрд долларга баҳоланган, португалиялик футболчининг сўзларига кўра бу келишув бутун умрга тузилган.

Ўз навбатида «Ювентус» ҳам Роналдуга қарши иш бўйича баёнот берган.

«Криштиану Роналду кейинги ойларда профессионализм ва ишга садоқат намойиш этмоқда. 10 йил муқаддам содир бўлгани айтилаётган воқеа унга бўлган муносабатга таъсир кўрсатмайди. Бундай қараш клубдаги буюк чемпион билан мулоқот қиладиган барча аъзоларнинг умумий фикридир», — дейилган «Ювентус» матбуот хизмати хабарида.

28 сентябрь куни Германиянинг Der Spiegel нашри 34 ёшли америкалик Кэтрин Майорганинг бошдан кечирганларини эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, Криштиану Роналду уни 2009 йилнинг 13 июнида Лас-Вегасдаги меҳмонхоналарнинг бирида зўрлаган. Даъвогар томоннинг айтишича, 2010 йилда Майорга футболчининг вакиллари билан 375 минг доллар эвазига жим юриш бўйича келишув тузган.

Мақола эълон қилингач, Лас-Вегас полицияси Роналдуга қарши ишни қайта кўриб чиқишни бошлади.

Мавзуга оид