Мамлакатимиз миқёсида кечаётган жадал ислоҳотлар самараси қайси вилоятда қандай бўй кўрсатиши маҳаллий аҳолига, айниқса, ҳудудий бошқарув раҳбарларига боғлиқлиги кундек равшан. Ҳазрат Навоий айтганидек, қуёш ҳамма ерга баробар нур сочса-да, даштда тикан, боғда эса гул битади. Албатта, бу ўринда офтоб нуридан ташқари ҳам муҳим омиллар кўп. Бир замонлар республикамизнинг жанубий вилояти – Сурхондарёга ислоҳотлар ҳадеганда етиб боравермайдиган олис ҳудуд сифатида қараб келингани ҳеч кимга сир эмас. Бироқ кейинги йилларда бу элда юз очган янгиланиш-у ўзгариш­лар бутун мамлакатимиз афкор оммасининг нигоҳини бот-бот жанубий воҳага тортаётгани ҳам бор гап. “XXI asr” газетаси мухбири воҳада аҳоли манфаатларини таъминлаш, қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш, бунёдкорлик ва яратувчанлик, бир сўз билан айтганда, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёни жиловини қўлга олган вилоят ҳокими Баҳодир Пўлатовга бир неча савол билан мурожаат қилди.

– Баҳодир ака, вилоят ҳокими этиб тайинланганингизга ҳали кўп бўлмади. Шу боис суҳбатимизни Сурхондарёга келиб чиқарган дастлабки хулосаларингиз, илк таассуротларингиз билан бошласак.

– Сурхондарё юртимизнинг бошқа ҳудудларида учрамайдиган бир қатор ўзига хосликларга эга. Энг муҳимидан бошлай, вилоят аҳли мард ва танти. Гапини очиқ, истиҳоласиз айта олади. Қадрлаганни қадрлайдиган эл. Самимиятни яхши кўради. Воҳада бир неча миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқликда, яқин қардошлик, қуда-андачилик ришталари билан боғланиб кетган ҳолда истиқомат қилади. Уч томони осмонўпар тоғлар билан ўралган, бир томони Амударё орқали Афғонистон билан чегарадош воҳамиз табиати ҳар қандай одамни ҳайратга солиши шубҳасиз. Шу боис экотуризм ва зиёрат туризмини ривожлантириш истиқболлари юқори. Бу заминда қишлоқ хўжалиги экинларидан йил давомида очиқ усулда, уч мартагача ҳосил олиш имконияти мавжуд. Ҳар йили икки миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилади.

Кейинги икки йилда вилоятда катта ишлар амалга ошириляпти. Хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан йирик лойиҳаларга қўл урилмоқда. “Gold Agro Fresh”, “ASG Group” корхоналар уюшмаси, “Жарқўрғон мева-сабзовот экспорт”, “Сурхонтекс”, “Амудар текс” каби кўплаб йирик саноат корхоналари юқори қувват билан иш бошлади. Яқинда туркиялик инвесторлар билан ҳамкорликда Шеробод туманида йирик цемент заводи фойдаланишга топширилди. Йилига 1,5 миллион тонна цемент тайёрлаш қувватига эга мазкур корхонада мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланди.

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида табиий бойликлардан унумли фойдаланиш имконини берувчи бир неча йирик саноат корхоналарига ҳам тамал тоши қўйилганди. Россиялик ишбилармонлар ҳамкорлигида Бойсун туманида лойиҳа қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ бўлган, йилига 4 миллиард куб метр газни қайта ишлаш, 289 минг тонна полипропилен, 211 минг тонна полиэтилен ва 293 минг тонна олтингугурт ишлаб чиқариш қувватига эга газ-кимё мажмуасини қуриш ишлари олиб бориляпти.