3.10.2018 йилдаги ЎРҚ–494-сон Қонун билан Божхона кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
 
Божхона брокери фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш – мажбурий
 
Norma’нинг ёзишича, божхона брокери – божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни декларантнинг ёки ваколатли шахснинг топшириғига биноан ва унинг номидан шартнома асосида амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси юридик шахси. Илгари бунга махсус рухсатнома талаб этилар эди, бироқ у 1 июндан бекор қилинди. Шу муносабат билан Божхона кодексига тегишли тузатишлар киритилди (рухсатнома ҳақида ҳеч нарса дейилмаган).
 
Бироқ энди божхона брокери декларант ёки ваколатли шахс олдидаги ўз фуқаролик жавобгарлигини ЭКИҲнинг 1 000 баравари миқдорида суғурталаши шарт (184 млн 300 минг сўм). Сумма тасодифан белгиланмаган, у илгари рухсатнома олиш учун талаб қилинадиган божхона тўловлари тўланишини таъминлаш миқдори билан бир хил.  
 
Маълумот учун: декларант – товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ўз номидан декларацияловчи шахс ёхуд унинг номидан товарлар ва (ёки) транспорт воситалари декларацияланаётган шахс.
 
Ваколатли шахс – товарнинг ва (ёки) транспорт воситасининг эгаси ёки товарга ва (ёки) транспорт воситасига нисбатан божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатларга эга бўлган ёхуд товарнинг ва (ёки) транспорт воситасининг эгаси номидан тегишли шартнома ёки ишончнома асосида иш кўрувчи шахс.
 
Илгари божхона брокерлари суғурталашни божхона тўловлари тўланишини таъминлаш мумкин бўлган усуллардан бири сифатида ихтиёрий равишда танлаши мумкин бўлган  (Божхона кодексининг 339-моддаси). Бунда алоҳида баён этилган суғурталаш тартиби бўлмаган. Суғурталашга мажбурий мақом берилиши билан бундай ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда.
 
Декларант ваколатлари кенгайтирилди, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар малака сертификати бекор қилинди
 
Эслатиб ўтамиз, 1 июлдан божхона брокерларига мурожаат қилмасдан, БЮДни тўлдириш ва уларни божхона органларига топшириш мумкин бўлди. Барчаси Интернет орқали реал вақт режимида амалга оширилади. Бунинг учун ЯИДХПда «Декларацияловчи шахслар рўйхати» махсус интерактив хизмати жорий қилинди.