Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг "Андижон вилоятининг Булоқбоши туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди. 

Ҳужжатда қайд этилишича:

Республика ишчи гуруҳи маҳаллаларни уйма-уй юриш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектларини бориб кўриш жараёнида Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилишини ўрганиб чиққан;

ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилишини ўрганиш натижаларига кўра маҳалла, туман ва вилоят даражасидаги тизимли муаммолар ва камчиликларни ҳал этиш назарда тутилган “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиб тасдиқланган.

2018-2019 йилларда Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида кафолатли иш ўринларини ташкил этиш ҳамда саноат, хизматлар соҳаси ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқланиши мумкин.

Андижон вилояти ҳокимлиги:

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, дахлдор вазирлик ва идоралар, тижорат банклари ҳамда лойиҳалар ташаббускорлари билан биргаликда инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини, режалаштирилган ишлаб чиқариш ҳажмини ўзлаштириш ва янги иш ўринларини яратишни назарда тутган ҳолда, Манзилли рўйхатнинг сўзсиз бажарилишини таъминлайди;

лойиҳаларнинг бажарилиши ва муаммоли масалаларни доимий равишда кўриб чиққан ҳолда, уларни ҳал этиш бўйича тезкор ва амалий аҳамиятга эга чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан тизимли мониторинг олиб боради.

Андижон вилояти ҳокимига Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва хизмат кўрсатувчи тижорат банклар билан келишиш асосида зарур бўлганда, Манзилли рўйхатга киритилган лойиҳалар қийматини ҳамда иш ўринлари сонини сақлаб қолган ҳолда, ушбу Манзилли рўйхатга ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.

Андижон вилояти ҳокимлигининг Булоқбоши туманидаги ер участкаларида 2-иловага мувофиқ кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Андижон вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 25 октябрдаги ПҚ–3356-сон “Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун бир ой муддатда КСЗ Дирекциясини ташкил қилиш ва унинг иштирокчиларига ер участкаларини бериш чораларини кўради.