Жаҳон | 17:16 / 09.10.2018
9271
2 дақиқада ўқилади

Туркия Саудия Арабистони бош консуллиги биносида тинтув ўтказишга рухсат олди

Фото: REUTERS

Туркия ҳукумати журналист Жамол Қошиқчининг йўқолиб қолиши воқеасидан сўнг Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллиги биносида тинтув ўтказишга рухсат олди. Бу ҳақда Туркия ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

"Йўқолиб қолган журналист Жамол Қошиқчининг тақдирини аниқлаш бўйича ҳукуматимиз бошлаган суриштирув ишлари жадал давом этмоқда. Саудия Арабистони ҳукумати ҳамкорликка тайёр эканлигини, бош консуллик биносида тинтув ўтказиш мумкинлигини билдирди", дейилади хабарда.

Тинтув муддати ва соати ҳақида маълумот берилмаган.

Жамол Қошиқчи Ар-Риёднинг бугунги сиёсатига нисбатан танқидий фикрлари билан танилган. У 2017 йилда ватанидан чиқиб кетган ва АҚШдан қўним топган. Журналист Саудия Арабистонидаги вазият ва мамлакат ташқи сиёсати ҳақида The Washington Post’га мақолалар ёзади. 

Журналистнинг йўқолгани 3 октябрда маълум бўлган. У Саудия Арабистони бош консуллигига ҳужжатларни расмийлаштиргани келганидан кейин йўқолиб қолган. Саудия Арабистони матбуот агентлиги маълумотларига кўра, журналист консуллик биносидан чиқиб кетгандан кейин йўқолган.

Туркия президенти маслаҳатчиси Ясин Ақтайнинг фикрича, журналист бош консулликда ўлдирилган бўлиши мумкин. 

Мавзуга оид