Ўзбекистон | 12:10 / 09.10.2018
9229
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Париж келишувини ратификация қилади

Ўзбекистон иқлим ўзгаришлари бўйича Париж келишувини ратификация қилади. Бу ҳақда «Kun.uz» мухбири Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) ва «Росатом» ишчи гуруҳининг қўшма семинарида чиқиш қилган «Русатом» вакили Елена Пашинага асосланган ҳолда хабар бермоқда.

Унинг маълум қилишича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 октябрь куни «Париж келишувини ратификация қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолаган.

Семинарда АЭС энг экологик электр энергия манбаи экани таъкидланган.

Фото: Елена Пашина

Париж келишуви 2015 йилнинг 12 декабрида иқлим конференцияси якунида қабул қилинган эди. У БМТнинг барча аъзолари, яъни 195та давлат томонидан қўллаб-қувватланган. 

2016 йилнинг 22 апрелида БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Она-ер кунини нишонлаш маросими вақтида аъзо давлатлар ушбу келишувни имзолашни бошлашди.

Келишувдан ўрин олган асосий мақсадлардан бири жорий аср давомида ҳаво ҳароратининг исиш даражасини дунё миқёсида Цельсий бўйича 2 даражадан паст сақлаб туриш ва кейинчалик Цельсий бўйича 1,5 даражадан, яъни саноат инқилобидан олдинги даврдаги кўрсаткичлардан ошмаслигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишдан иборат.

Бундан ташқари, мазкур келишувда иқлим ўзгариши жараёнида пайдо бўлаётган бир қатор муаммоларни ечиш борасидаги инсоният салоҳиятини оширишга қаратилган кенг кўламдаги чора-тадбирлар ҳам белгиланган.

Парижда эришилган келишувда қуйидаги муҳим йўналиш ва масалалар белгилаб олинган:

• «Қисқартириш» – мақсад қилиб олинган ҳаво ҳарорати кўрсаткичига эришиш учун тез суръатларда зарарли чиқиндиларни қисқартириш;
•  Ошкораликни таъминловчи глобал маълумот алмашинуви тизимини яратиш;
•  «Мослашув» – мамлакатларнинг иқлим ўзгаришига мослашиш салоҳиятини кучайтириш;
•  «Талафотларни қоплаш» – мамлакатларнинг иқлим ўзгариши натижасида кўрган талафотларини қоплаш салоҳиятини кучайтириш;
• «Қўллаб-қувватлаш» – мамлакатларга керакли ёрдам, шу жумладан молиявий ёрдам ажратиб, уларни янада кучлироқ бўлиши мақсадида қўллаб-қувватлаш.

Айни вақтга келиб Париж келишувини 192 давлат имзолаган, 113 давлат ратификация қилган. Атмосферага ис газини энг кўп миқдорда чиқарувчи давлатлар қаторида учинчи ўринда бўлган Россия бу келишувни имзолаган, лекин ратификация қилмаган. Россия атмосферага ис газини энг кўп чиқарувчи 15 давлат ичида ушбу келишувни ратификация қилмаган ягона давлатдир.

2017 йилнинг 1 июнида АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатни Париж келишувидан олиб чиққанди. Унинг айтишича, Париж келишуви Америкада миллионлаб иш ўринлари йўқолишига сабаб бўлган. У бу келишув америкаликларга қимматга тушгани (3 триллион доллар), аммо Хитой ва Ҳиндистон каби давлатлар учун осонроқ шартлар қўйилганини иддао қилган.

Маълумот учун, Ер юзидаги газ чиқиндиларининг 25 фоизи АҚШдан чиқади.

НАСА маълумотига кўра, 1880 йилдан буён жаҳондаги ўртача ҳарорат 0,8 градусга ўсган. Ўсишнинг учдан бири 1975 йилдан кейинги даврга тўғри келади.

Мавзуга оид