Икки йил сарҳисоби
Дастлаб кўзга ташланадигани — Президентнинг оқарган сочи. Ҳа, у лавозимга келиш пайтида мамлакат бус-бутунлигича муаммолардан таркиб топган калавани эслатиб, унинг учини топишни хаёл қилишнинг ўзи ҳар қандай кишининг сочини оқартиришга қодир эди. Аммо янги президентга журъат ва ғайрат улашишнинг ҳожати йўқ эди — биринчи кунданоқ у эски тартибларни ўзгартиришга киришди.
Муаммо шунда эдики, журъатнинг улканлиги билан бир қаторда истакларни рўёбга чиқариш учун керак бўлган концептуал асбобларнинг йўқлиги яққол кўзга ташланиб қолди. Натижада, халқ хўжалигини тартибга келтиришга уринишлар мақсадга тескари ҳаракатлар билан аралашиб кетди. Ижтимоий, иқтисодий ва ҳатто маънавий соҳаларни эркинлаштиришга қаратилган мутлақо мантиқли чоралар баъзи эскириб қолган чоралар билан қоришиб кетди. Нега бундай?
Нега бундай?
Ҳаммасига сабаб — ўзимизнинг фикрлаш услубимиз.
100 йиллик янги тарих ер қуруқлигининг каттагина қисмида янги бир формацияни юзага келтирди. Лениннинг даҳолиги шунда эдики, у янги дунёқарашни юзага келтирганди. Бу дунёқарашни ўзига олган кишилар кейинчалик ўзгача бир шахсий хусусиятларга, алоҳида атрибутларига эга бўлдилар. Айнан шу шахсий хусусиятлар, дунёқараш мазкур қуруқлик кенглигида юз берган ҳодисаларни 70 йил давомида белгилаб келди. Ва бу бизнинг умум фожиамиз эди.
Бу «атрибут»лар ҳақида суҳбат қилишга уриниб кўрамиз.
Иқтисодиётдан бошлаб одамларнинг онгигача — ҳаммасини қўлбола бошқариб туриш ғояси ва бу ғояни амалга оширишга қаратилган инқилобчиларнинг қатъий ҳаракатлари ижтимоий қўшничиликнинг янги шаклини ва бунинг натижаси ўлароқ ўзгача хусусиятларга эга «янги одам»ни юзага келтирди. Айнан шу хусусиятларни таснифлаш ва англаш мавжуд воқелигимизни, фожиаларимизни яхшироқ тушунишимизга ёрдам беради ва энг муҳими — ҳар биримиз у ёки бу даражада тутқун бўлиб турганимиз — Ленин гипнозидан қутулишимизга ёрдам беради. Кетдик.
Лениннинг «инқилоб оммаси» онгига юборган биринчи, таълимотининг чуқур мағзини белгилаб турувчи йўлланмаси — инсоният онгида шаклланган ҳақ-ҳуқуқлар тизимини инкор этиш эди. Ҳақ-ҳуқуқларни инкор этиш вирусининг одамлар онгида ўрнашиши мавжуд воқелигимиз замирида ётган кўплаб ҳайратомуз феноменларни тушунтириб беради.
Шахсиятни ўлдириш
«Ҳуқуқ» тушунчаси «шахсият» тушунчаси билан чамбарчас боғлиқдир.
Ўз фикрига эга бўлиш ҳуқуқи, овоз бериш ҳуқуқи, мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқлар бирлашиб одамни том маънодаги шахсият — тафаккурли, ҳақ-ҳуқуқларини англайдиган ва уларни ҳимоя эта оладиган зотни — ижтимоий бирликни юзага келтирувчи «сеҳрли» кучдир. Аксинча, бу ҳуқуқларни тортиб олиш эса киши шахсиятини сўндирувчи, уни онгсиз, тафаккури бениҳоя чекланган, нуқул буйруққа бўйсуниб иш қиладиган, манфаат доираси оддий турмуш эҳтиёжларидан нарига ўтмайдиган (ва уларни деб атрофга тиш қайрайдиган) манқуртга айлантириб қўядиган омилдир.













