Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни 2020 йилда устувор йўналишлар бўйича ислоҳотларни жадаллаштириш, бу борадаги мақсадли параметрларни белгилаш ва таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Жаҳон бозорида рақобат тобора кучайиб бораётган бугунги кунда иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш – энг устувор вазифа, замон билан ҳамнафас бўлишнинг муҳим шарти экани таъкидланди.
Бу масала давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Иқтисодиётни либераллаштириш, тенг рақобат муҳитини шакллантириш, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, энергия тежамкорлигини ошириш каби муҳим йўналишлар бўйича ўнлаб фармон ва қарорлар қабул қилиниб, бизнес субъектларига зарур шароитлар яратилди.
Лекин ислоҳотлар реал ҳаётда ўз аксини етарли даражада топмаяпти. Йиғилишда турли соҳаларда йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилди, тегишли раҳбарларнинг фаолияти кескин танқид остига олинди.
Масалан, энергетика тизимидаги йўқотишларни кескин камайтириш, сотилган электр қувватининг ҳисобини тўғри юритиш ва дебитор қарздорликни қисқартириш ишлари етарли даражада олиб борилмаяпти.
Давлатимиз раҳбари таъкидланидек, табиий газни қазиб олиш, транспортировка қилиш ва тақсимлашда ҳаққоний ҳисобга олиш тизими мавжуд эмас. Айниқса, газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишлар одамларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Сўнгги 3 йилда кадастр соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ҳам қабул қилинган 10 тага яқин қарор ҳалигача тўлиқ ишлаб кетгани йўқ. Масалан, ер ажратишнинг онлайн аукцион тизими ҳанузгача жорий этилгани йўқ, кадастр маълумотларини рақамлаштириш ишлари якунланмаган. Ҳозирга қадар ерга бўлган ҳуқуқнинг янги шакли ва уни беришнинг очиқ-ошкора механизмлари ишлаб чиқилмади.
Қурилиш соҳасида бугунги кунга қадар эски стандарт ва меъёрлар сақланиб қолмоқда, деди давлатимиз раҳбари. Янги инновацион ечимлар ва лойиҳалар устида ишловчи мутахассислар тайёрлашга умуман эътибор берилмаяпти.
Лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, қурилишга рухсатномалар бериш ва келишиш жараёнлари қоғоз шаклида амалга ошмоқда. Мутасадди ташкилотларда ўзаро электрон ҳамкорлик йўлга қўйилмаган.
Йиғилишда транспорт соҳасидаги муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Мисол учун, юк ташиш тарифларининг юқорилиги боис маҳсулотлар таннархи баландлигича қоляпти. Аҳолига қулай ва арзон транспорт хизматлари кўрсатиш талаб даражасида эмас.
Халқаро таълим стандартларини жорий этишга етарли эътибор қаратилмаётгани ҳам кўрсатиб ўтилди. Президент таъкидланидек, профессор-ўқитувчилар малакасини баҳолаш мезонлари замон талабларига мос келмайди.
















