Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2021 йилларда Тошкент вилоятининг ирригация ва мелиорация тизимини яхшилаш дастури тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан 2019-2021 йилларда Тошкент вилоятининг ирригация ва мелиорация тизимини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги мазкур Дастурга киритилган ирригация объектларини 2019 йил ва кейинги йиллар Ўзбекистон Республикасининг ривожлантириш давлат дастури параметрларини шакллантиришда лойиҳалаш, қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари учун талаб этиладиган маблағларни аниқ ҳисоб-китоблар асосида белгиланган тартибда ажратилишини инобатга олади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш Департаменти, Сув хўжалиги вазирлиги мазкур Дастурга киритилган ирригация ва мелиорация объектларини таъмирлаш-тиклаш ишлари учун талаб этиладиган маблағларни давлат бюджетидан 2019 йил ва кейинги йилларда белгиланган тартибда ажратиб боради.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш Департаменти ва Тошкент вилояти ҳокимлиги Дастурда белгиланган лойиҳа қийматларининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаган ҳолда, уларнинг ўз муддатида ва сифатли амалга оширилишини таъминлайди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги туман ҳокимликлари билан биргаликда мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишга қаратилган устувор вазифаларни белгилаб, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
















