Ўзбекистон | 08:57 / 11.10.2018
39408
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев қимматли қоғозларни муомалага чиқариш ҳақида топшириқ берди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2018 йил 10 октябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ва иқтисодий идоралар раҳбарлари иштирокида мамлакатни жорий йил 9 ойида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳолати ва йил якунлари бўйича кутилаётган натижалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтгани хабар қилинганди.

Қайд этилишича, мамлакатда валюта бозорининг эркинлаштирилиши – иқтисодиётда ликвидлилик даражаси ошишига ҳамда бўш пул маблағларининг муҳим инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларига жалб этилишини тақозо қилади.

Давлат раҳбари Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, мамлакатда капитал бозорини ривожлантириш, хўжалик юритувчи субъектлар, тижорат банклари ва суғурта компанияларининг бўш маблағларини муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилиш мақсадида қимматли қоғозларни муомалага чиқариш, шунингдек, жорий йилни муваффақиятли якунлаш ва барча прогноз қилинган асосий макроиқтисодий кўрсаткичларга эришишни таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2011 йилда қимматли қоғозлар чиқаришни тўхтатди. 1996 йилдан 2011 йилгача Молия вазирлиги умумий қиймати 803 млрд сўмлик қимматли қоғозлар чиқарган, уларнинг ўртача йиллик қиймати 50 млрд сўмни ташкил қилган.

Мавзуга оид