Ўзбекистон Республикаси президенти “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (Давлат рақобат қўмитаси), Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (“Давергеодезкадастр” қўмитаси), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларига қуйидаги ҳуқуқларни беришни назарда тутувчи давлат мулки объектлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотиш тартибини соддалаштириш бўйича эксперимент ўтказиш ҳақидаги таклифлари маъқулланди: 

а) ўз ваколати доирасида (жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгаши қарорларига асосан), бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини уларни баҳоламасдан, 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукционга чиқариш орқали инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда ўрнатилган тартибда сотиш; 

б) ўз ваколатлари доирасида инвестиявий лойиҳаларни амалга ошириш учун аукцион ўтказмасдан, инвестор билан тўғридан-тўғри музокаралар орқали инвестициявий (камида 1 миллион АҚШ доллари эквивалентида) ва ижтимоий мажбуриятлар белгилаган ҳолда ер участкаларини бериш ва бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш. Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларининг мазкур масаладаги қарорлари дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларида кўриб чиқилиши ҳамда тасдиқланиши лозим; 

в) “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукционга чиқариш учун ер участкаларининг жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги ва вилоят ҳокимликларининг молия бош бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар давлат солиқ бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаларининг тавсияларига асосан, ҳар бир туман бўйича бўш ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг (0,01 га майдони учун) бошланғич баҳосини ҳар чоракда тасдиқлаш; 

г) уч йилдан ортиқ муддат давомида тупроқ бонитировкаси ишлари олиб борилмаган уч гектаргача бўлган майдонга эга ер участкаларида тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобига тупроқ бонитировкаси ишлари буюртмачиси бўлиш;