Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг қарори билан республика истеъмолчиларига электр энергияси ва табиий газни миллий валютада сотишдан тушган Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасини шакллантириш манбаси сифатида белгиланган маблағларни ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги Низомга қўшимчалар киритилди.
Республика истеъмолчиларига электр энергияси ва табиий газни миллий валютада сотишдан тушадиган Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасини шакллантириш манбаси сифатида белгиланган маблағларни ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимчалар:
6-бандда “қайта ҳисоб-китоб қилинади” деган сўзлардан кейин “ёки ўзаро ҳисоб-китоблар амалга оширилади” деган сўзлар билан тўлдирилди.
Қуйидаги мазмундаги 6-1 ва 6-2-бандлар билан тўлдирилди:
“6-1. Ортиқча (хато) ўтказилган маблағларнинг ўзаро ҳисоб-китоб қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади.
Истеъмолчилар, электр энергияси ва табиий газ учун ортиқча (хато) ўтказилган маблағларни қайтариш юзасидан “Ўзбекэнерго” АЖ ёки “Ўзтрансгаз" АЖга ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларига ёзма ёки электрон шаклда (“Ўзбекэнерго” АЖ ёки “Ўзтрансгаз” АЖнинг расмий веб-сайти) ариза билан мурожаат қилади.
Истеъмолчиларнинг мазкур аризасига асосан “Ўзбекэнерго” АЖ ёки “Ўзтрансгаз” АЖнинг ҳудудий бўлинмалари ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлими томонидан электр энергияси ёки табиий газ учун ортиқча (хато) тўланган маблағларни қайтариш тўғрисида далолатнома тузилади ҳамда мазкур бўлинмаларнинг раҳбарлари ва бош ҳисобчилари томонидан имзоланади.
Ортиқча (хато) тўланган маблағларни қайтари тўғрисида далолатнома икки иш куни ичида “Ўзбекэнерго” АЖ ёки “Ўзтрансгаз” АЖга тақдим этилади.
Ҳудудий бўлинмалар томонидан тақдим этилган далолатномалар асосида, бир иш куни ичида “Ўзбекэнерго” АЖ ёки “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан истеъмолчиларнинг ортиқча (хато) тўланган пул маблағларини қайтариш тўғрисидаги далолатномалар рўйхати тузилади ва мазкур рўйхат Жамғармага тақдим қилинади.
Жамғарма, тақдим этилган рўйхат асосида икки иш куни давомида “Ўзбекэнерго" АЖ ҳудудий бўлинмаларининг махсус ҳисобварағига (22604) ёки “Ўзтрансгаз” АЖнинг асосий ҳисобварағига (20210) мазкур Низомнинг 6-2-бандида келтирилган формулага мувофиқ ҳисоб-китоб қилиб, ортиқча (хато) тўланган маблағларни қайтаради.
“Ўзбекэнерго” АЖ ёки “Ўзтрансгаз” АЖ бир иш куни давомида Жамғарма томонидан қайтарилган маблағларга ортиқча (хато) тўланган маблағларнинг қолган қисмини қўшган ҳолда (далолатномада кўрсатилган маблағ) истеъмолчиларнинг ҳисобварағларига ўтказиб беради.














