Қозоғистон президенти қизи, сенатор Дариға Назарбоева бирор янги нарсага ўрганишдан уялмаслигини айтган. У бу ҳақда ёш журналистларнинг Jas Qalam форумида сўзлаб берди. 

“Мен 55 ёшдаман, ўз ёшимдан жуда фахрланаман, бироқ ҳар куни бирор нарсани ўрганаман. Мен бирор нарсани билмаслигимни айтишдан уялмайман. Вазирлар келиб, ақлли нутқлар сўзлашади. Мен уларга айтаман: “Кечирасиз, мен унча яхши тушунмаётган бўлишим мумкин. Сиз нима демоқчилигингизни одам тушунадиган тилда гапиринг”. Ана шундан кейин ҳақиқий суҳбат бошланади. Шу сабабли вазирлик ёки акиматлар берадиган матбуот баёнотлар билан чекланиб қолманг. Масаланинг моҳиятини билишга ҳаракат қилинг”, деб айтган Назарбоева.

Сенатор ўз нутқида давлат идораларининг матбуот хизматлари фаолиятини танқид қилган. Унинг фикрича, улардан баъзиларига, мисол учун давлат дастурларини тушунтиришда профессионаллик етишмайди. 

“Ҳар бир вазирлик, акиматда ишлаши керак бўлган матбуот хизмати бор, бироқ, афсуски, уларга касбий малакалар ёки вақт етишмайди. Бугунги кунда бу иш “уч баҳо”га тортади. Оддий тингловчи телевизор ёнида ўтирганда, вазир девальвация, инфляция, таргетлаш ҳақида гапирганда нимани тушуна олади? Буларнинг барчаси хорижий, замонавий, чиройли сўзлар. Профессионал учун бу тил зарур, бироқ шифокор, пенсионер, ўқувчи, талаба бўлган кенг омма учун бошқа тушунарли тил бўлиши лозим”, деб айтган Дариға Назарбоева.  

Унинг фикрича, журналистика давлат ва жамият ўртасида модератор бўлиши, ОАВ вакиллари эса амалдорларнинг “тили”ни тушунтира олишни билишлари лозим. 

“Журналист бўлиш ўз замони виждони бўлиш, кўп нарсани кўриш, эшитиш, тушуниш, тушунтира олиш ва замонамизнинг мураккаб ҳодисаларини ўз тингловчиларига содда ва тушунарли тилда етказа олиш демакдир. Бу жуда мураккаб вазифа, ҳамма ҳам уни эплай олмайди”, деб таъкидлаб ўтган Назарбоева.