Жаҳон | 08:34 / 13.10.2018
7622
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда полициячининг янги стандарти жорий қилинади

Фото: Турар Казангапов

Қозоғистон ички ишлар вазирлигида Қозоғистон полицияси қандай ўзгариши маълум қилинди.    

Вазирлик маълумотларига кўра, президент маъмурияти бошчилигида Қозоғистон полициясини модернизациялаш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш бошланган.

Ички ишлар вазирлиги ходимлар сонини оптималлаштириш, бошқарув бўғинларини қисқартириш, полицияни унга хос бўлмаган вазифалардан озод этиш, жамиятнинг ишонч даражаси ва аҳолида хавфсизлик ҳиссини мўлжал олган ҳолда полицияни баҳолаш мезонларини тубдан ўзгартириш режалаштирилмоқда. 

Қозоғистон ички ишлар вазири Калмуханбет Қасимов аҳоли билан ишлашнинг замонавий шакллари, ходимларни танлаш, жойлаштириш ва хизмат бўйича кўтарилиш тизимидан тортиб уст-бошнинг ўзгаришигача масалаларни қамраб олган полициячининг янги стандарти тасдиқланишини маълум қилган.  

Бундан ташқари, Қасимов жиноятчиликка қарши кураш ва вилоятларда ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўйича ишни фаоллаштиришни топширган. Бунда асосий эътиборни жиноятларнинг катта қисмини ташкил қилувчи ўғриликларга қаратиш кераклигига урғу берилган.

Вазирликда маълум қилинишича, жорий йилнинг 9 ойи давомида жиноятлар сони 9 фоизга (20,7 мингтагача) камайган. Безорилик, ўғрилик, босқинчилик, йўлтўсарлик, жамоат жойлари ва кўчаларда, маст ҳолатда, аввал судланганлар ва балоғатга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони камайгани қайд қилинган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид