Жаҳон | 00:48 / 14.10.2018
6631
1 дақиқада ўқилади

Туркияда озод этилган пастор Брансон АҚШга қайтди

Фото: AP/Emre Tazegul

Туркияда икки йил ҳибс остида сақланган Эндрю Брансон шанба куни АҚШга қайтиб келган. Бу ҳақда Fox News телеканали хабар бермоқда.

Телеканалнинг хабарига кўра, Брансон минган самолёт Вашингтон яқинидаги Эндрюс ҳарбий базасига келиб қўнган. Бунгача у АҚШнинг Германияда жойлашган ҳарбий госпиталида врачлар кўригидан ўтган. АҚШ президенти Дональд Трамп илгарироқ шанба куни Брансон билан Оқ уйда учрашишини эълон қилган эди. У шунингдек, кўрсатилган ёрдам учун Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга миннатдорчилик изҳор этган.

12 октябрь куни Измир шаҳри суди Брансонни уч йилу, бир ярим ойга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган, бироқ унинг ҳибс остида ўтказган кунларни ҳисоблаб чиқиб, уй қамоғидан озод этган. Суд Брансонга нисбатан қўлланилган барча эҳтиёт чораларини бекор қилган, жумладан, хорижий давлатга чиқиб кетиш бўйича тақиқни ҳам.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид