Бектемир тумани Тошкент шаҳри иқтисодиётининг қон томирларидан бири, деб айтсак хато бўлмайди. Мазкур ҳудудда кўплаб давлат ва хусусий ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд. Шундайлардан бири Бектемир тумани, Б.Нозим кўчаси, 40-а уйда жойлашган, Universal Plast Montaj Engineering масъулияти чекланган жамиятининг “TUMARIS” савдо белгиси билан қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган фабрикасидир.

“Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 11 июлдаги 1043-сонли қарори ижроси доирасида Бектемир туман ҳокимлиги томонидан олиб борилаётган ишлар туфайли “Макро”, “Теген”, “Магнит” ва бошқа шу каби машҳур савдо мажмуаларида сотилаётган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхона устида қора булутлар тўплана бошлади”, - дейди МЧЖ таъсисчиси Kun.Uz таҳририятига йўллаган мурожаатида.

Мазкур мурожаат таҳририят томонидан тадбиркор ва корхона таъсисчиси Умид Худайбергановнинг иштирокида жойида ўрганилди.

“2015 йилда МЧЖ фаолияти доирасини кенгайтириб, қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қарор қилдик. Шу муносабат билан Бектемир туманидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган олди-сотди шартномаси асосида бино харид қилдик. Олди-сотди шартномасини туман ер ресурслари ва давлат кадастри хизматида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиб, бино-иншоотлар ва ерга нисбатан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномаларни олдик. Кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган барча рухсатномалар ҳам тўлиқ расмийлаштирилди. Бинода капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириб, Германия, Польша ва Туркия давлатларидан замонавий қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун ускуналарни ўзимизнинг кучимиз билан инвестиция киритган ҳолда келтирдик”, - дейди Умид Худайберганов

Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси “Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси 2018 йил 25 август куни тақдим этган №11/1037-сонли маълумотномага кўра, Simet Sir Biznes МЧЖ ва Universal Plast Montaj Engineering  МЧЖ ўртасида 2015 йил 28 январда тузилган 5-сонли олди-сотди шартномасига асосан 2015 йил 25 март куни жамият номига кадастр ҳужжати расмийлаштирилган.