Жаҳон | 16:26 / 16.10.2018
15472
3 дақиқада ўқилади

НАТО собиқ раҳбари жаҳон сиёсатида ким сабабли «хаос» келиб чиққанини билдирди

Фото: AFP

АҚШ президенти Дональд Трампнинг «Америка ҳаммасидан устун» ташқи сиёсий ёндашуви халқаро тартибни тиклаш муаммосини ҳал қилишнинг бир қисми эмас. Бу ҳақда CNBC телеканалига берган интервьюсида НАТО собиқ бош котиби Андерс Фог Расмуссен маълум қилди.

НАТО собиқ бош котибининг сўзларига кўра, фақатгина Қўшма Штатлар халқаро тартиб ва ҳуқуқни тиклаш учун «глобал қамровдаги» ҳаракатларга эга.

Бироқ, қийинчилик шундан иборатки, Америка етакчиси Дональд Трамп жаҳон сиёсатидан четлашди, айнан шунинг учун ҳам ҳозирги кунда «хаос» юз бермоқда, деб ҳисоблайди Расмуссен.

Фото: Getty Images

«Дунё етакчиликка муҳтож ва фақат америкаликлар бу етакчиликни таъминлаб бера олади», - дея айтиб ўтди НАТО собиқ бош котиби.

Рассмусен 2009 йилдан 2014 йилгача НАТО бош котиби лавозимида ишлаган. Бундан олдин у саккиз йил давомида Дания бош вазири бўлган.

Телеканалнинг қайд этишича, Расмуссен бундан аввал жаҳон тартибига кўмак кўрсатиш ва сиёсий тартибсизликни бартараф этиш учун Қўшма Штатларни «моддий ва маънавий юксакликка эга» ягона давлат, деб ҳисоблаши ҳақида маълум қилган.

CNBC’нинг қўшимча қилишича, Трампнинг танқиди Ғарб ва Саудия Арабистони ўртасида дипломатик таранглик бошланган вақтга тўғри келди. У The Washington Post’да ишлаган журналист Жамол Қошиқчининг йўқолиши билан боғлиқ. Асли келиб чиқиши саудиялик бўлган журналист подшоҳликнинг Истанбулдаги элчихонасига ташриф буюрганидан сўнг алоқага чиқишни тўхтатди. Америка телеканалининг таъкидлашича, бу ҳодиса нефтга бой подшоҳликка қарши халқаро норозиликни келтириб чиқарди, шунингдек, молия бозорларда тартибсизликка сабаб бўлди. 

НАТО собиқ раҳбарининг айтишича, Трамп 2020 йилги президентлик сайловларида қайта сайланиши борасида «хавф» мавжуд. Демак, у 2024 йилгача ишлайди, дейилади материалда. Унинг сўзларига кўра, Европа америкаликларга уларнинг «глобал етакчилиги» учун майдон тақдим этилганига масъулдир. Бироқ, Европанинг ўзи «америкаликларга ушбу етакчиликни амалга оширишда ёрдам бериш учун кўпроқ иш қилиши керак», дея қайд этиб ўтди Расмуссен.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия АҚШ билан виза урушини тўхтатишга тайёр экани хабар берилганди.

Мавзуга оид