Ўзбекистон | 15:23 / 16.10.2018
14966
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон-Россия таълим форуми”да 100дан ортиқ шартномалар имзоланиши режалаштирилган 

Ўзбекистон ва Россия ўртасида олий таълим тизимидаги ўзаро стратегик ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш мақсадида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикасининг қатор етакчи олий таълим муассасалари ташаббуси билан илк маротаба “Ўзбекистон-Россия таълим форуми” ўтказилмоқда. 

Халқаро форум шу йилнинг 18 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиб, унда икки давлат президентлари администрациялари, ҳукумат раҳбарлари, Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири ва Россия Федерациясини таълим ва фан вазири ҳамда Россиянинг 80дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этади.
  
Халқаро форумнинг мақсади Ўзбекистон ва Россия ўртасида замонавий йўналиш ва мутахассисликлар бўйича малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий-тадқиқот соҳасида ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан иборат. 

Биринчи марта ўтказилаётган “Ўзбекистон-Россия таълим форуми”да Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари ректорлари ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш баробарида долзарб вазифа ва масалаларни тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотда биргаликда муҳокама қилишади. 

Мазкур нуфузли анжуманда Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари билан қўшма дипломлар «Double degree» дастурлари асосида талабаларни ўқитиш, факультет ва кафедралар филиалларини ташкил қилиш, ўқитувчилар малакасини ошириш, мақсадли илмий изланишлар олиб бориш, ўқув ва илмий адабиётлар алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун замин яратилади.

Халқаро форум доирасида Россиянинг нуфузли олий таълим муассасалари ва республикамиздаги олий таълим муассасалари ўртасида малакали мутахассисларни ҳамкорликда тайёрлаш мақсадида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 100 дан ортиқ шартномалар имзоланиши режалаштирилмоқда. 

“Ўзбекистон-Россия таълим форуми”нинг муваффақиятли ўтказилиши натижасида:
  
Россия Федерациясидаги нуфузли олий таълим муассасаларининг юртимизда филиалларини ташкил этиш, икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида академик тайёргарлик, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, талабаларнинг илмий ва инновацион форумларини ўтказиш, биргаликда илмий тадқиқотлар  ва бошқа тадбирларни олиб бориш борасида келишувларга эришилди;
  
келишувга эришилган янги филиал ва қўшма дастурларда иқтисодиётнинг реал секторларида эҳтиёж мавжуд бўлган кадрлар халқаро стандартлар асосида тайёрланади;

икки давлат олий таълим муассасалари учун мулоқот канали  ташкил этилиб, келгусида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва келишувга эришиш учун имконият яратилди. 

Мавзуга оид