Иқтисодиёт | 10:54 / 16.10.2018
7437
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси январь-сентябрь ойларида 23 млрд долларни ташкил қилди

Фото: Dreamstime

2018 йил январь-сентябрь ойлари якунларига кўра, республикада ташқи савдо айланмаси 23 044,7 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,2%га ўсди. 

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, экспорт ҳажми 9 367,6 млн. АҚШ долларга (0,4%га камайган) ва импорт ҳажми 13 677,1 млн. АҚШ долларига (ўсиш суръати 33,3%) етди. Ташқи савдо сальдоси минус 4 309,5 млн. АҚШ долларини ташкил қилди.

2018 йил январь-сентябрь ойларида ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,9% ошди ва 38,6%ни ташкил этди.

Бошқа хорижий давлатларнинг республика ташқи савдо айланмасидаги улуши 2017 йилнинг январь-сентябр ойларида 66,3%ни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг ушбу даврида эса ташқи савдо айланмасидаги улуши 61,4%га тушди.

2018 йил январь-сентябрь ойларида экспорт ҳажми 9 367,6 млн. АҚШ долларга (0,4%га камайган) тенг бўлди. Экспорт таркибида товарларнинг улуши 75,9%га эга бўлиб, булар асосан энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари (20,2%), озиқ-овқат маҳсулотлари (8,8%), шунингдек, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (7,3%) гуруҳлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Хизматлар экспорти ҳажми 2257,3 млн. АҚШ долларини ёки жами экспорт ҳажмининг 24,1%ини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,9%га ўсганлиги кузатилди. Хизматлар экспорти таркибининг асосий улуши транспорт хизматлари, туризм хизматлари, телекоммуникация, компютер ва ахборот хизматлари, молиявий хизматларидан иборат.

Республикадан экспорт қилинаётган товар ва хизматларнинг асосий қисми Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса умумий экспорт ҳажмининг 37,1%ини ташкил қилади. 

Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерациясига экспорт қилинаётган товарлар таркибига назар ташланса, асосан энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳларидан иборат эканлигини кўриш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони айтилганди.

Мавзуга оид