Таълим ва мутахассислик — аввалгидек бир марталик ва бутун умрга эмас. Агар сиз бир соҳани тарк этган бўлсангиз, яна шу йўналишга ёпишманг - эҳтимол, унинг даври ўтаётгандир, сиз эса меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигингизни йўқотаяпсиз. Ўтмишдаги билимлар билан келажак бозорида кун кўриб бўлмайди. Бироқ номзодлар кўпинча янги реалликни қабул қилишга ва ўз ҳаётларида ниманидир ўзгартиришга тайёр эмаслар, деб ёзади Forbes таҳлилчиси Инна Суматохина.
Кўп бозорларда туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Рақамлаштиришдан кейин мижозлар билан ишловчи менежерлар, трейдерлар, брокерлар ва бошқа қатор мутахассисларга бўлган талаб кескин пасаймоқда. Компаниялар автоматлаштириш мумкин бўлган барча нарсани автоматлаштирмоқда. Бугунга келиб катта маълумотларни таҳлил қилиш ва машина таълими бўйича мутахассислар, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари меҳнат бозоридаги энг талабгор касбларга айланмоқда.

Янги технологиялар бозордаги энг талабгор касблардан бири - сотувлар бўйича менежер ўз функционалини ўзгартирувчи янги коммуникацион этикет яратади. Катта маълумотларни таҳлил қилаётиб, мижознинг хатти-ҳаракатларини - у нима харид қилади ва қачон, тахминан қанча пул сарфлайди, интернет орқали товар буюртма қиладими ёки дўконга борадими - олдиндан тахмин қилиш мумкин. Шу муносабат билан янги товар ва хизматларни қуруқ қўнғироқлар каби тарғиб қилишнинг бундай жиҳози тобора ўз долзарблигини йўқотмоқда. Бугун ундан энг консерватив тармоқлар ва тор доираларда фойдаланишмоқда.
Тажриба ва билимлари долзарблигини йўқотаётганлар нима қилиши керак ва нима учун охирги вақтларда умрбод таълим зарурати ҳақида бу қадар кўп гапирилмоқда?
Ҳар беш йилда ўқинг
Энг илғор тармоқларда 1,5-2 йилдан кейин билимларнинг ярми рақобатбардошлик жиҳатдан устунлигини йўқота бошлайди. Бу устуворликни яратиш учун янги билимларни ўйлаб топиш керак. Биз умрбод билим олишга маҳкуммиз. Инсон қандай зўр олийгоҳни тугаллаган бўлмасин, вақти-вақти билан билимларини янгилаб турмаса, улар узоғи билан беш йилга етади. Ҳар бир номзод, айниқса миллионерлар ва Z авлод вакили бутун умри давомида ўқишига тўғри келишига тайёр туриши керак. Масалан, Европа мамлакатларида анчадан бери узлуксиз таълим моделлари мавжуд, улар уч асосий таълим даврига асосланади: 16-25 ёш, 30-55 ёш ва 55 ёшдан кейин. Швецияда катта ёшлилар ва кексаларни чин маънода ўқиб ўрганишга мажбур қилишади. У ерда ижтимоий ишчиларнинг мажбуриятларидан бири - ўз таълимини давом эттиришга тайёр бўлмаган ёки буни истамаётган кишилар ҳузурига "мотивацион ташрифлар" амалга оширилади. Таълим тизими бутун умр давомида ҳамроҳ бўлувчи Финляндияда ҳам таълимга муносабат шундай, у ерда катталар таълими бир неча турга бўлинади: расмий, норасмий ва эркин бепул. Бепул курслар жуда кенг кўламда таклиф қилинади - хорижий тиллар, ахборот технологиялари, санъат ва ҳунармандчиликни ўрганишдан то спорт билан шуғулланишгача.

















