Москва шаҳри марказида жойлашган хиёбонда Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримовга ўрнатилган ҳайкални расмий очиш маросими бўлиб ўтганди.
Президент Ислом Каримов ўз васиятига кўра киндик қони тўкилган Самарқанд шаҳрида дафн этилди. Ҳар куни ўн мингдан ошиқ зиёратчи биринчи президент руҳига ҳурмат бажо этиш учун унинг мақбарасига ташриф буюради, деб ёзади Каримов Фондининг раҳбари Лола Каримова-Тиллаева.
“Москвадаги ёдгорлик ҳамда Ислом Каримов номи билан аталган хиёбон анъаналар ва маданиятнинг бетакрор уйғунлигини, шу билан бирга, давримиз шиддатини акс эттиради.
Маҳобатли композиция чуқур рамзийликка йўғрилган. Ислом цивилизациясининг муҳташам тарихий обидалардан бири бўлмиш Самарқанддаги афсонавий Регистон майдони улуғворлигини намоён этувчи қурилмалар маҳобатли ёдгорликнинг муҳим таркибий қисми саналади. Мазмунан ва усул-услубга кўра бетакрор бўлган хотира ёдгорлигида ҳам ҳайкалтарошлик, ҳам меъморчиликка хос теран ғоя ифодаланган.
Регистон – мамлакатнинг бой тарихий ва маънавий мероси рамзидир. Ислом Каримов деганда эса халқ тасаввурида “Мустақиллик” тушунчаси намоён бўлади. Ўзбекистон тарихи саҳифаларида ўчмас из қолдирган Биринчи Президент мамлакатнинг бетакрор маданий ва маънавий меросини қайта тиклашга улкан ҳисса қўшган буюк давлат арбобидир.
Бизнинг вазифамиз ушбу хиёбонга ташриф буюрган ҳар бир инсонда меҳмондўстлиги ва кўп асрлик бой маданияти билан шуҳрат қозонган ўзбек заминига қадам қўйиш ҳиссини уйғотишдан иборат бўлди. Таъбир жоиз бўлса, бу орқали она Ватанга муҳаббат тараннум этилди.
Бизнинг ижодий мақсадимиз ушбу масканни ўзбек халқининг миллий ўзлиги ва қадим тарихи тимсолига айлантириш ҳамдир.
Биз учун хиёбон ва маҳобатли ёдгорлик шаҳар муҳити ва руҳига уйғун бўлиши ҳам муҳим аҳамият касб этади”, - дейди у.
Москва маъмурияти билан эришилган келишувга мувофиқ, 2017 йилнинг баҳорида Каримов Фонди Россия пойтахтида Ислом Каримов хотира ёдгорлигини лойиҳалаш, тайёрлаш ва ўрнатиш бўйича ишларни амалга ошириш масъулиятини ўз зиммасига олди. Мазкур масканнинг боғ-хиёбон ҳудуди Москва маъмурияти томонидан Каримов Фонди билан ҳамкорликда ободонлаштирилди.
Мустақилликнинг илк йиллариданоқ президент Ислом Каримов миллатлараро бағрикенглик ҳамда Россия ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги дўстлик муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратган.















