Давлат раҳбарларининг самарали музокаралари якунида салмоқли ҳужжатлар қабул қилинди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Қўшма баёнотни имзолади.
Ташриф доирасида имзоланган 2019-2024 йилларда иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2019-2021 йилларда маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик дастури, “Суффа” халқаро радиоастрономик обсерваториясини ташкил этиш бўйича йўл харитаси, Ўзбекистонда Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш ва фаолиятини таъминлаш тўғрисидаги битим, Тўқимачилик саноатида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўзаро алмашилди.
“Мустақилликнинг 25 йиллиги” конини қўшимча разведка қилиш ва жиҳозлаш ҳамда Сурхондарё вилоятида газ-кимё мажмуасини қуриш бўйича “Ўзбекистон мустақиллиги” инвестиция блокига доир қўшимча битим, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг Ўзбекистондаги филиалини ташкил этиш тўғрисида битим, Фанлараро илмий таълим марказини ташкил этиш тўғрисида битим, Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари кенгаши ва “Россия ректорлар кенгаши” жамоат ташкилоти ўртасида битим, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Россия Федерацияси Миллий гвардия қўшинлари Федерал хизмати ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
Ташриф асносида турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 20 та ҳужжат имзоланди.
Оммавий ахборот воситалари учун брифингда президентлар тор ва кенг доирадаги музокаралар ҳар доимгидек ўзаро ишонч ва очиқлик муҳитида, конструктив руҳда ўтганини таъкидлади.
Ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни ҳар томонлама ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, мамлакатларнинг долзарб минтақавий ва халқаро масалаларга доир ёндашувлари мос ёки яқин экани тасдиқланди.
Мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани қайд этилди.
Бугунги кунда Россиянинг мамлакат иқтисодиётига йўналтирган инвестициялари ҳажми 8,5 миллиард доллардан ошади. Ташриф доирасида биринчи бор ўтказилган “Ўзбекистон-Россия” ҳудудлараро форуми бу борада катта аҳамият касб этди. Унинг якунида қиймати 2 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар бўйича келишувга эришилгани қайд этилди.















