Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ноёб илмий объектларни аниқлаш, уларни сақлаш ва мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси жойлаштирилди.

Низом вазирликлар, идоралар ва муассасалар тасарруфидаги ноёб илмий асбоб-ускуналар, коллекциялар, нодир жамғармалар ва бошқа илм-фан учун ноёб ҳисобланадиган объектлар бўйича таклифларни қабул қилиш, таҳлил этиш, объектларни ажратиб олиш, уларни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш (рўйхатдан чиқариш), молиялаштириш ва мониторингини олиб бориш тартибини белгилайди.

Объектларни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш (рўйхатдан чиқариш) ҳамда уларни молиялаштириш бўйича таклифларни Республиканинг барча олий таълим ва илмий муассасалари (улар қайси вазирлик ва идора тасарруфида бўлишидан қатъий назар) ўзлари тасарруфида бўлган давлат бошқарув органлари орқали Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этадилар.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, вазирлик ва идоралар ҳамда муассасаларнинг ноёб илмий асбоб-ускуналар, коллекциялар, нодир жамғармалар ва бошқа илм-фан учун ноёб ҳисобланадиган объектлар бўйича таклифларини ўрганиб чиқади, умумлаштиради, ноёб илмий объектлар рўйхатига киритади (рўйхатдан чиқаради), рўйхатни тасдиқлайди, ноёб илмий объектларни сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича ишларни мувофиқлаштиради ҳамда доимий мониторингини олиб боради.
 
Ноёб илмий объект деб топиш мезонлари қуйидагилар ҳисобланади:

объект республикада ягона (уникал) бўлиши;
объект илмий-амалий аҳамиятга эга бўлиши ва илмий тадқиқотларда фойдаланилаётган бўлиши;
тегишли соҳада ушбу объектсиз фундаментал тадқиқот олиб бориш имконсизлиги;
моддий жиҳатдан юқори қийматга эга бўлиши ва бошқалар.

Вазирлик ва идоралар олий таълим ва илмий муассасалардан ноёб илмий объектлар рўйхатини шакллантириш учун таклифларни қабул қилади, шунингдек тавсия қилинаётган ҳар бир илмий объектнинг фан ва техника тараққиёти ҳамда илмий-тадқиқот фаолияти ривожланиши учун аҳамиятлилиги даражаси вазирлик ва идораларнинг Ҳайъат мажлисида муҳокама қилинади ва тасдиқланади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳар йили 10 мартга қадар интернетдаги ўзининг расмий веб-сайтида ноёб илмий объектлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига таклифлар бериш тўғрисида эълон беради.