Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат уй-жой фондига қарашли турар-жойлардан фойдаланишни тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан қуйидагилар:
Давлат уй-жой фонди тўғрисидаги Низом;
Турар жойга кўчиб кириш учун асос бўладиган ягона намунадаги ҳужжат (ордер) намунаси;
Давлат уй-жой фондидаги турар жойларни ижарага бериш тартиби тўғрисидаги Низом;
Давлат уй-жой фондидаги турар жойнинг ижара шартномаси намунаси;
Хизмат турар жойлари олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхати;
Турар жойни ижарага олувчига топшириш далолатномаси намунаси тасдиқланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси давлат уй-жой фонди тўғрисидаги низомга кўра, турар жойлар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга тақдим этилади.
Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, турар жой майдонини олиш учун навбатни белгилаш, шунингдек уни тақсимлаш ва давлат уй-жой фонди уйларида ижара шартномаси шартлари асосида фуқароларга тақдим этиш жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимият органлари ва тўла хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида идоравий уй-жой фонди бўлган давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
Ушбу мақсадларда жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимият органлари қарорига ва идоралар буйруғига асосан улар қошида турар жой масалалари бўйича комиссиялар тузилади. Комиссия таркибида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакили бўлиши шарт.
Хусусий мулк сифатида уй-жойларга эга бўлган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган шахслар, шунингдек ушбу уйларда яшовчи бошқа шахслар умумий асосларда уй-жой билан таъминланади.
Меҳнатга қобилиятсизлар, ёлғиз қариялар, пенсионерлар ва уларнинг оила аъзоларига, агар уларнинг жон бошига тўғри келадиган ўртача ойлик даромадлари энг кам иш ҳақидан оз бўлса, шунингдек биринчи марта никоҳдан ўтган турар жойга муҳтож ёш оилаларга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган рўйхатга биноан фуқароларнинг ижтимоий ҳимояланмаган ва таъминоти оз бошқа тоифаларига маҳаллий давлат ҳокимият органлари ҳузурида аниқ мақсадга қаратилган ижара шартномаси талаблари асосида хусусийлаштириш ҳуқуқисиз фойдаланиладиган коммунал уй-жой фонди ташкил этилади.















