Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг қўшма баёноти матни эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти В.В.Путин 2018 йилнинг 18-19 октябрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистон Республикасида бўлди.

Олий даражадаги Ўзбекистон-Россия музокаралари икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари ва стратегик шерикликнинг юқори даражасини акс эттирадиган анъанавий очиқ, дўстона ва конструктив муҳитда бўлиб ўтди. Президентлар кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг кенг қамровли масалаларини муҳокама қилиб, уни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим йўналишларни белгилаб олдилар.

Томонлар 2004 йил 16 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида стратегик шериклик тўғрисида Битим, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида Шартнома ва 2012 йил 4 июнда имзоланган Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида Декларация асосида муносабатларни чуқурлаштиришга интилишларини тасдиқладилар. Давлат раҳбарлари барча даражаларда мулоқот ва алоқаларнинг фаоллашуви натижасида Ўзбекистон ва Россия давлатлараро ҳамкорлигининг сифат жиҳатдан янги босқичи бошланганини мамнуният билан қайд этдилар.

Ш.М.Мирзиёев ва В.В.Путин икки давлатнинг ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, инвестициявий ва инновацион-технологик ҳамкорлигини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг долзарблигини таъкидладилар. Шу муносабат билан, 2018 йил 7 сентябрда 19-йиғилиши бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия ишининг самарадорлигини қайд этган ҳолда, давлат раҳбарлари мазкур йўналиш бўйича фаолиятга янги кучли туртки беришга қарор қилдилар. Бу мақсадда президентлар Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари даражасида қўшма комиссия тузишга келишиб олдилар, унга икки томонлама товар айланмаси ҳажмини янада ошириш, ўзаро экспорт-импорт операциялари, хусусан, юқори даражада қайта ишланган маҳсулотларни етказиб беришни кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, икки томонлама савдода ўзаро манфаатли асосларда божхона ва у билан боғлиқ бўлмаган тўсиқларни бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш топширилади.

Ўзбекистон ва Россия президентлари олиб кириладиган товарларга аксизларни камайтириш, товарларни етказиб беришда қатор нотариф тўсиқларни бартараф этиш мақсадида амалга оширилаётган чоралар икки мамлакат ўртасидаги имтиёзли муносабатларнинг аниқ амалий ифодаси деган умумий фикрга келдилар. Томонлар Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 2018 йил якунлари бўйича Ўзбекистон-Россия товар айланмаси ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларига етказишга оид прогнозини эътиборга олдилар. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Россия савдо-иқтисодий муносабатларининг салоҳиятидан тўла-тўкис фойдаланилмаганлиги қайд этилди. Икки давлатнинг тегишли орган ва ташкилотларига ўзаро товар айланмасини кўпайтириш бўйича зарурий чоралар кўриш топширилди. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида 2019-2024 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастурида белгиланган мақсадларга эришиш бунга кўмаклашади.