Сўнгги икки йилда (ҳа, айнан шу ўтган 24 ой ичида) Ўзбекистон туризмининг салоҳияти бўй кўрсатиб, ҳукумат индустрия ортидан мўмай даромад топишни ўйлаб қолди. Тўғри-да, сайёҳларни Ўзбекистондаги барча нарса қизиқтиради: очиқ осмон остидаги музей-шаҳарлар, миллий таомдан тортиб этно-фольклор ўйинлар, диний қадамжолар, экотуризм, қўйингки, ҳамма томонлама туризмнинг истиқболи баланд.

Жорий йилнинг 9 ойлик статистик маълумотларига кўра, мамлакатга 3 млн. 900 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки бараварга  (1 млн. 888 минг) кўпайди. Аммо бир савол ўйлантирадики, унинг моҳиятида қалтислик жиҳати ҳам бор - турист деганда кимни тушунишимиз керак?

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бунга қадар Туризмни ривожлантириш қўмитасига раҳбарлик қилган пайтлар қизиқ гапни айтганди: “Масалага жиддийроқ назар ташласак, 70-80 фоиз туристлар оқими қўшни давлатлардан кириб келаётган меҳмонлар ҳиссасига тўғри келади. Табиийки, уларнинг барчаси меҳмонхонада тунамайди, кўпинча саёҳат бир кунлик бўлади”.

Демак, Жаҳон туризм ташкилоти методологияси асосида ҳисобланган рақамлар бизни қониқтирмайди. Гап шундаки, бизни меҳмонхонада тунаб, ресторанларда овқатланадиган, қайтишда сувенир сотиб олиб, суратларини ижтимоий тармоққа жойлайдиган сайёҳлар қизиқтиради. Абдуҳакимовнинг фикрича, 2017 йил, аслида, 200 минг атрофида сайёҳ Ўзбекистонга келганди. Статистиканинг қай услубда, ким учун ва нима учун тузилиши кейинги масала, ҳақиқат шуки, кўҳна Мовароуннаҳр ўз салоҳиятига мос миқдордаги сайёҳларни айни пайтда жалб эта олмаяпти.

Танганинг иккинчи томонида эса бошқа манзара пайдо бўлади: ана шу келган чет элликларнинг ҳам аксарияти 35 ёшдан катта бўлган шахслардир. Ўзбекистон ёш саёҳатчилар учун жозибадор эмасми?

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Ўткирбек Холбадаловнинг айтишича, туристларнинг 7 фоизи узоқ хорижий мамлакатлар, 8 фоизи МДҲ мамлакатлари (асосан, Озарбойжон, Арманистон, Молдова, Россия ва Украина), қолган 85 фоизи эса қўшни республикалар ҳиссасига тўғри келмоқда.

“Нима учун бундай катта кўрсаткич яқин мамлакат фуқаролари ҳисобига бойитилмоқда, деган савол пайдо бўлиши табиий. Маълумки, узоқ масофа босиб келган кўпчилик туристлар 2-3 кун ичида саёҳатини тугатиб қайтиб кетишни истамайди. Турист учун энг қулай саёҳат нуқтаси яшаб турган жойидан 4 соат узоқликда бўлгани маъқул. Шунинг учун хорижий меҳмонларнинг катта қисми қирғиз, тожик, қозоқ ва туркман фуқароларидан иборат. Таққослаш учун, Қозоғистонда бу рақам умумий миқдорнинг 89 фоизини, Грузияда эса 87 фоизни қамраб олган”, дейди у.