Жаҳон | 17:20 / 23.10.2018
5790
2 дақиқада ўқилади

Пашинян номзоди Арманистон бош вазирлиги учун илгари сурилди

Фото: © Sputnik / Асатур Есаянц

Арманистон бош вазири вазифасини бажарувчиси Никол Пашиняннинг «Фуқаролик келишуви» партияси иштирокида ташкил этилган парламентдаги «Елк» фракцияси унинг номзодини ҳукумат раҳбарлиги учун номзод сифатида илгари сурди. Бу ҳақда парламет матбуот хизмати раҳбари Княз Сароянга асосланган ҳолда «Интерфакс» агентлиги хабар бермоқда.

Бугун, 23 октябрь куни Арманистон бош вазирлиги учун номзодларни рўйхатга олиш жараёни тўхтатилади. Республика партияси, «Арманистон тараққиёти» («Царукян») партияси ва «Дашноқцутюн» ҳукумат раҳбарлиги учун номзод кўрсатмаслигини билдирган.

24 октябрь куни республика парламентида овоз беришнинг биринчи тури ўтказилиши кутилмоқда.

16 октябрь куни май ойидаги намойишлар ортидан ҳукумат тепасига келган Никол Пашинян истеъфога чиққани ҳақида маълум қилганди. Бундан мақсад парламент тарқатиб юборилишига ва мамлакатда навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилишига эришиш эди.

Арманистон қонунчилигига кўра, бош вазир ва ҳукумат истеъфосидан кейин мамлакат парламенти 7 кун муддат ичида янги бош вазирни сайлаши керак бўлади. Парламентда бош вазирни сайлашга икки имконият бўлади. Агар улар муваффақиятсиз якунласа, парламент тарқатиб юборилади ва янги сайловлар белгиланади.

Қонунчиликка кўра, парламент тарқатиб юборилганидан камида 30 кун, кўпи билан 45 кундан кейин сайловлар ўтказилиши керак бўлади.

Пашинян воқеалар айнан шундай ривож топишига умид қилмоқда. У парламент халқ манфаатларини ифодаламайди, шу сабабли сайловлар имкон борича тезроқ ўтказилиши керак, деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид