Дата-марказ қурилиши бор-йўғи олти ой давом этган. Бундай йирик миқдордаги юқори унумдор процессорларни Арманистонга етказиб бериш АҚШ регуляторининг рухсатини талаб қилгани сабабли, лойиҳани амалга ошириш жараёнида Арманистон ва АҚШ расмийлари ўртасида тўғридан тўғри музокаралар олиб борилган.

Марказнинг очилиш маросимида Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Қозоғистон вакили Жаслан Мадиев ва америкалик дипломат Дэвид Аллен иштирок этгани қайд этилган.

Марказда 6144 та NVIDIA B200 процессори ўрнатилган

Раздандаги дата-марказнинг дастлабки ҳисоблаш қуввати 15 мегаваттни ташкил этади. Унинг асосини суюқлик билан совитиладиган 6144 та NVIDIA B200 график процессори ташкил қилади.

Лойиҳанинг инфратузилмасини яратишга бир қатор йирик халқаро технологик компаниялар жалб этилган. Dell юқори унумдор серверларни етказиб берган, Schneider Electric электр нимстанциялари ва узлуксиз электр таъминоти тизимларини жорий қилган, Vertiv эса махсус суюқлик билан совитиш тизимини ўрнатган.

Бутун мажмуа NVIDIA DSX платформасида ишлайди. Манбада таъкидланишича, мазкур платформа ҳисоблаш ва тармоқ ресурсларини ягона тизимда бирлаштириб, стандарт архитектураларга нисбатан ҳар бир мегаватт энергиядан 40 фоизгача кўпроқ ҳисоблаш қуввати олиш имконини беради.

Халқаро сунъий интеллект асосидаги қидирув сервиси Perplexity марказнинг дастлабки тижорий мижозларидан бири бўлган.

Қувват 300 мегаваттгача оширилади

Firebird бу билан чекланиб қолмоқчи эмас. Лойиҳанинг кейинги босқичларида Раздандаги мажмуа қувватини кескин ошириш режалаштирилган.

2027 йил охирига бориб марказнинг умумий қувватини 300 мегаваттга етказиш кўзда тутилмоқда. Унда фойдаланиладиган NVIDIAʼнинг Blackwell ва Rubin авлодларига мансуб чиплари сони эса 70 мингтадан ошиши режалаштирилган.

Кейинги босқичда Firebird бутун минтақа бўйлаб умумий қуввати 2 гигаваттгача бўлган ҳисоблаш инфратузилмаси тармоғини шакллантиришни мақсад қилган. Ушбу режалар Қозоғистонни ҳам қамраб олади.

Йирик дата-марказ энергетика учун ҳам синов бўлиши мумкин

Бироқ лойиҳанинг бундай тез суръатларда кенгайиши Арманистон энергетика тизими учун жиддий юкламага айланиши мумкинлиги қайд этилган.