Жаҳон | 14:20 / 24.10.2018
31193
2 дақиқада ўқилади

Путин Трампнинг ёрдамчиси олдида АҚШ герби ҳақида ҳазиллашди

Фото: ТАСС

Россия президенти Владимир Путин АҚШ етакчисининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жон Болтон билан учрашувда томонлар «ўзаро туташ нуқталарни» излаши кераклиги ҳақида маълум қилди. Шунингдек, у Қўшма Штатларнинг гербидаги тинчликсевар рамз ҳақида эслатди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

«Адашмасам, Қўшма Штатлар гербида сувбургут тасвирланган. Бир томондан, у 13та ўқни ушлаб турибди, бошқа томондан эса - тинчликсевар сиёсатнинг белгиси сифатида зайтун новдасини, 13та зайтун билан. Савол: сизларнинг сувбургут зайтунни чўқиб ташлаб, фақат ўқларни қолдирдими?» - деди Путин.

Делегация қатнашчилари Россия раҳбарининг сўзларини кулги билан қарши олинган. Путиннинг таъкидлашича, Болтон билан нафақат Америка президенти ёрдамчиси, балки қуролсизланиш ва қуроллар устида назорат қилиш соҳасидаги мутахассис сифатида ҳам гаплашмоқчи.

Болтоннинг умид билдиришича, Путинда йиғилиб қолган саволларга жавоб топади, лекин «зайтун новдасини ўзи билан олиб келмаган». «Мен шундай деб ўйлагандим», - деди Путин, шундан сўнг музокаралар иштирокчилари яна кулиб юборишди. «Ёдингизда бўлса, зайтун новдаси сувбургутнинг ўнг панжасида жойлашади, шунинг учун у ўзига устувор нарсаларни айнан шу тарзда кўрсатиб беради», - дея аниқлик киритди Болтон.

Шунингдек, Путиннинг эслатишича, Америка гербида «Хилма-хилликда бирдамлик» ёзуви мавжуд. «Шунинг учун, турли ёндашувларга қарамасдан, бу туташ нуқталарни излаш керак, деб ўйлайман», - деди Россия етакчиси. Болтоннинг айтишича, бу Қўшма Штатларнинг ҳам мақсади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кремль Путиннинг ядро зарбасидан кейинги «жаннат» ҳақидаги сўзларига изоҳ берганди.

Мавзуга оид