2019 йил 1 январдан янги Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати кучга киради, деб ёзмоқда Norma.
Эслатиб ўтамиз, август ойида амалдаги Рўйхатга тузатишлар лойиҳаси муҳокама қилинган эди. Унда 8 та фаолият турини чиқариб ташлаш таклиф қилинган эди. Жамоатчилик танқидий муносабат билдирди, муҳокама вақтида (15 кун) 16 та таклиф тушди. Асосан, шарҳловчилар якка тартибдаги тадбиркорларнинг (кейинги ўринларда – ЯТТ) бугунги кунда рухсат этилган у ёки бу фаолиятини бекор қилишга қарши сўз юритганлар. Қайд этиш жоизки, уларнинг фикр-мулоҳазалари эътиборга олинди ва қабул қилинган таҳрири лойиҳадан жиддий фарқ қилади.
Демак, кейинги йилнинг бошидан ЯТТ фаолиятида нималар ўзгаради.
Биринчидан, улар томонидан қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари сотилишига тақиқ жорий этилмоқда. Бунда алкоголли ва тамаки маҳсулотлари, нефть маҳсулотларининг барча турлари, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар ёхуд бундай материаллар қўлланилган буюмлар, аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурлар, янги импорт автомобиллар ва фармацевтика товарларини сотишга ҳозир амалда бўлган чекловлар сақланиб қолади.
Иккинчидан, товарларни импорт қилиш ва кейинчалик уларни сотиш шарти қўйилди - олиб кирилаётган товарларнинг нархи бир ойда 5000 АҚШ доллари эквивалентидан ошиши мумкин эмас.
Учинчидан, қуйидагилар Рўйхатдан чиқариб ташланди (1.01.2019 йилдан ЯТТ амалга ошира олмайдилар):
• алюминий (пластик) профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш;
• автотранспорт воситаларини ювиш, салонни тозалаш ва шунга ўхшаш бошқа хизматлар;
• пишлоқдан маҳсулотлар тайёрлаш ва сотиш;
• витраж ишлари (шиша, смальта ва бошқа материаллардан тайёрланган витражлар).
Давлат хизматлари марказлари рўйхатдан чиқарилаётган фаолият турлари билан шуғулланаётган ЯТТга бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга қайта рўйхатдан ўтишларида (яъни юридик шахс ташкил этиш) кўмаклашади.















