Жаҳон | 07:36 / 25.10.2018
19661
4 дақиқада ўқилади

Ҳиллари Клинтон, Барак Обама, CNN телеканали ва бошқаларга почта орқали бомба жўнатилди

24 октябрь куни АҚШ Махфий хизмати Ҳиллари Клинтон ва Барак Обама манзилига жўнатилган почта жўнатмаларида портловчи моддалар топилганини эълон қилди.

Обамага жўнатма унинг Вашингтондаги манзилига, Клинтон хонимга аталгани эса Нью-Йорк яқинидаги Чаппакуа шаҳарчасидаги уйига жўнатилган. Махсус хизмат Обама ва Клинтонлар оиласига хавф етмаганини таъкидлаган. Шубҳали нарсалар махсус ходимлар томонидан почта жўнатмаларининг стандарт текшируви чоғида аниқланган. Бу ҳақда The New York Times хабар бермоқда.

Фото: Jeenah Moon / The New York Times

Шундан сўнг бундай портловчи қурилмалар почта орқали бошқа манзилларга ҳам жўнатилганлиги аниқланган. Хусусан, BNO News томонидан Колумбия округидаги ҳарбий базада президент администрацияси учун мўлжалланган почта жўнатмаси ушлангани хабар қилинди. 

Кейинроқ Махфий хизмат бу хабарни рад этди. 

Яна бир жўнатма Нью-Йоркдаги CNN таҳририяти жойлашган «Тайм-Уорнер-Сентр» томон кетаётган жўнатмалар ичида аниқланган. Кейинчалик маълум бўлишича, бу жўнатма CNN’да эксперт сифатида чиқадиган МРБнинг собиқ директори Жон Бреннанга мўлжалланганлиги аниқланган. Таҳририят биносининг бир қисми эвакуация қилинган, полиция жўнатма ичида портловчи қурилма ва оқ кукун борлигини тасдиқлаган.

Фото: CNN

Телеканал тарқатган ахборотга кўра, бомбаларнинг механизми жуда оддий, лекин аниқ ишлайдиган бўлган. Сапёрлар бомбаларни осонгина зарарсизлантиришган. 

Шубҳали жўнатмалар Флоридага – демократ-конгрессмен Дэбби Вассерман Шульцга, Сан-Диегога — сенатор Камала Ҳаррис ҳамда San Diego Union-Tribune газетаси таҳририятига, бошқаси Мэрилендга — конгрессмен Максин Уотерсга етиб бораётган чоғда аниқланиб зарарсизлантирилган.

Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо шубҳали жўнатмани унинг офисида ҳам қабул қилишганини айтиб ўтган, бироқ кейинроқ аниқланишича у оддий жўнатма бўлиб чиққан.

Душанба куни The New York Times нашри томонидан бизнесмен Жорж Соросга аталган бомбали жўнатма ҳақида хабар тарқатилган эди. Портловчи қурилмани Нью-Йорк остонасидаги Бэдфорд шаҳарчасида жойлашган қароргоҳда унинг почта саралаши учун масъул бўлган ходими аниқлаган ва хавфсиз масофага элтиб, полиция чақирган. Бэдфорд Ҳиллари Клинтоннинг Чаппакуадаги уйига жуда яқин жойда жойлашган.

Фото: Дебби Вассерман-Шульц, Ҳиллари Клинтон, Жорж Сорос, Барак Обама / REUTERS 

Бомбаларнинг ўзи ҳақида ҳозирча ҳеч нарса аниқ эмас. Полиция ва махсус хизматлар портловчи қурилмаларнинг қуввати ҳақида ҳам, жўнатувчи уни қандай қилиб ишга туширмоқчи бўлгани ҳақида ҳам бирор тайинли гап айтаётгани йўқ. Портловчи жўнатмалар ортида ким тургани ҳақида ҳам ҳеч қандай жўяли тахмин ўртага ташланмаяпти. NBC телеканалига кўра, полицияда Соросга жўнатилган жўнатма Клинтон, Обама, CNN ва Оқ уйга жўнатилганига ўхшаш эканлигини таъкидлаган, холос.

Оқ уй АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама, собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва бошқалар номига портловчи жўнатмалар жўнатган шахслар албатта жазога тортилишини ваъда қилмоқда.

«Биз президент Обама, давлат котиби Клинтон ва бошқа давлат арбобларига қарши тажовузкорона ҳужум қилишга уринишни қоралаймиз. Бу террорчилик актлари заиф ва бунинг ижрочилари қонун доирасида қатъий жавобгарликка тортилади», — деган Оқ уй вакили Сара Сандерс. 

Фото: globallookpress.com

У АҚШ Махфий хизмати ва бошқа-ҳуқуқ тартибот органлари суриштирув ишларини олиб бориб, «бу қўрқоқ кимсалар таҳдид солаётган барча шахслар”ни ҳимоялаш учун жамики чоралар кўрилишини таъкидлаб ўтган.

Мавзуга оид