Kun.uz сайтида эълон қилинган «Сирдарёда чорвадор фермернинг яйловдаги бўғоз қўйлари ёппасига сўйиб ташланди» мақоласи «Фейсбук» ижтимоий тармоғида қизғин мунозарани келтириб чиқармоқда.

Воқеа бўйича фикр билдираётганлар Сирдарё вилоятидаги масъул раҳбарлар ҳамда ички ишлар органи ходимларини Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган ҳуқуқларни оёқости қилишда, бировнинг мулкига беписандликда, ҳаттоки жиноятда ҳам  айблашган.

Шарҳларда Республика назорат қилувчи органларидан ушбу ҳолат бефарқ қолиб кетмаслиги, мулки талон-тарож қилинган фермернинг кўрган зарарлари тўлиқ қопланиб, айбдорлар жазога тортилиши лозимлиги таъкидланган.

Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев шундай ёзади:

«Бунақа фаросатсизликни яна қанча кўрамиз экан, а? Умрида бирор марта қўлига жилла қурса Конституцияни олмаган бунақа зўравонлар бу тизимга қандай келиб қолади, ҳайронсан! Халқ берган погон билан кеккайиш ва одамларни беҳурмат қилишни бас қилишмас экан, бундайларга бизнинг ҳам ҳурматимиз ва ишончимиз бўлмайди ҳеч қачон».

Маҳмуд Йўлдошев: Буларнинг устидан жиноий иш очилиши керак.

Дилшод Зокиров: Аҳмоқ, йўқ аҳмоқ эмас улар, улар НКВД ва СССР сарқитлари. Бир таксичи ҳам айтувди, пахтага тушмаган, тут тагида боғлоғлиқ турган 5та қорамолни милиция далага оп кириб сўйиб кетибти. Шуям ишми?! Халқни рози қилишяптими ё акси?..

Рустам Тоғаев: Бўғоз қўйларни сўйиб, кўп гуноҳ орттиришибди-да, афсус…

Феруза Икромхонова: Тавба! Худодан қўрқмайдими?! Ноинсофлар! Бўғоз қўйларнинг уволи тутсин, илоҳим. Булар инсон қиёфасидаги бўрилар…

Шоҳида Деҳқонова: «Бирники мингга, мингники туманга», деган мақол бор. Афсус, кўпчиликнинг ризқини қийишибди. Айбдорлар қонун олдида жавоб бериши керак. Бечора фермерга етказишган зарар улардан ундирилиши керак!