
Бизнинг дунёда мўъжиза йўқ деб ҳисоблаймиз. Ҳаётимизда ғайритабиий ҳодисалар ҳеч қачон рўй бермайди деган фикрдамиз. Аммо бу ҳақиқатдан ҳам шундай эканлигига ишончингиз комилми?
Мўъжизаларнинг гувоҳи бўлиш барчамизнинг болалик орзуимиздир. Одамзод қадим замонлардан ғайритабиий кучларни назорат қилишга интилган, мўъжиза яратишга ҳавас қилган. Аждодларимиз самога назар ташлаганда, ловиллаб ёниб турган гулхан олови ёки оқаётган дарёга боққанда табиатнинг инъомларини ўзига бўйсундиришни чин дилдан орзу қилган.

Одамзод ривожланиб бораётгани сари табиат кучларини жиловлади, уммонларни кезди ва ўрганиб чиқди, самога космик кемаларни учирди, ақлбовар қилмайдиган мураккаб технологияларни ихтиро қилди ва ҳайратга соладиган цивилизацияни вужудга келтирди.

Ҳозирда биз кундалик ҳаётда ишлатадиган асбоб ускуналаримиз бир неча аср аввал яшаган аждодларимиз учун ҳақиқий мўъжиза, кичкина тугма ёрдамида олов ёқиш ёки шамолни бўйсундириш эса ушалмас орзудир. Қадим замонларда яшаб, қоя тошларда биринчи расмларни чизиб қолдирган ибтидоий рассомлар ҳозирги телевизорларга назар солганда, замонавий одамларни ҳақиқий сеҳргар деб ҳисоблаган бўлар эди, шундай эмасми?
Бизнинг замонда технологиялар ўта юқори даражада ривожланганлиги сабабли, ҳаттоки кундалик ҳаётда ишлатиладиган маиший техниканинг ишлаши гуё мўъжизага ўхшайди.

Оловни исталган вақтда бир зумда ёқиб ширин таомлар тайёрлаш, майин шамол ёрдамида уйни совитиш ёки иситиш, уйдан чиқмаган ҳолда олис дунёларнинг манзарасидан роҳатланиш, минглаб километр масофадан яқинларимиз билан сўзлашиш ҳаммамиз учун одатий ҳолга айланган. Шунинг ўзи мўъжиза эмасми?











