Инсон бу дунёда яшар экан, Аллоҳ таоло томонидан турли хил дард ва ғам-ташвишлар билан синалади. Шунинг учун ҳам ғам ва шодлик инсон билан доимо бирга, вақт ўтиб бир-бири билан жой алмашади, дейилади. Инсон шодлигига шукур қилади, дардига эса сабр қилади.
Аҳоли мурожаатларини ўрганишимиз давомида Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги «Чорбоғ» маҳалласи Баландқўрғон қишлоғидаги бир оила бошига оғир кулфат тушгани ҳақида хабар қилишди. Юз берган фожиани эшитиб, шу хонадонга йўл олдик.
Бизни хонадон соҳиби ва унинг яқинлари кутиб олишди. Барчанинг юзида ғам-андуҳ, қайғу, кийимларидан яқинда бу хонадонда инсон ўлими билан боғлиқ ҳодиса юз бергани билиниб турибди.
Биз оила бошлиғи Зоҳиджон Холмўминов билан суҳбатлашдик.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 6 октябрь куни 12 ёшли қизи ва 2 ярим ёшли фарзандини М37 йўлининг Нарпай туманидан ўтадиган қисмида катта тезликда келаётган машина уриб юборади. Иккиси ҳам воқеа жойида ҳалок бўлади. Оила бир лаҳзада икки жигарбандидан айрилади.
Бу қайғу отанинг қаддини буккан, онаси Ойбаҳор Холмўминова эса тўшакка михланиб қолган.
Зоҳиджон бизга Ички ишлар вазирлиги, хусусан, Самарқанд вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мутасаддиларига мурожаат йўлламоқчи эканлигини билдирди.
– Биз йўлларда йўл ҳаракати хавфсизлиги етарлича таъминланмагани туфайли фарзандларимиздан айрилдик, – дейди З.Холмўминов. – Ахир, фожиа юз берган жойда 8-мактаб бор. Ўша ерда камера ва тезликни 50 км/соатгача камайтиришни буюрувчи белги ўрнатилганига қарамасдан, ҳайдовчилар тезликка риоя қилишмаяпти. Қанчадан қанча болалар шу йўлни кесиб ўтади. Истагим — бошқалар биздек фарзандидан айрилмасин. Шу йўлда йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланишига жиддий эътибор қаратилишини илтимос қиламан.
Зоҳиджоннинг марҳум фарзандларини дафн этишга тайёрлаш жараёнида хонадонда юз берган ҳолат ҳам уларнинг кўнгилларини ранжитганини сўзлаб берди.
Унинг айтишича, маҳалла имоми «Машина уриб юборганлар шаҳид бўлади, уларга жаноза ўқимайман», деб хонадондан кетиб қолган. Бунга қишлоқ аҳли гувоҳ бўлган. Шу туфайли марҳумларнинг жанозаси анча кеч ўқилган. Одамларнинг қистови билан ўша имомнинг ўзи келиб жаноза ўқиган.















