Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманидаги «Бўстон» ва «Бирлик» маҳаллалари, «Полвош» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 30га яқин деҳқонлар контрактация шартномаси асосида етиштириб берилган қалампир кўчатларининг пулини ололмай хуноб бўлаётгани ҳақида KUN.UZ таҳририятига мурожаат қилишди.
Биз Беруний туманида деҳқонлар билан учрашиб, уларни бир неча ойдан бери сарсон қилаётган муаммони ўргандик.
2017 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрганида, паст ҳосилли пахта далаларини қисқартириш, уларнинг ўрнида 60-80 кунда пишиб етиладиган экспортбоп аччиқ қалампирни экиш, буни республиканинг бошқа вилоятларида ҳам йўлга қўйиш бўйича топшириқ берганди.
2018 йил 27 январда Вазирлар Маҳкамасининг 62-сонли «Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда хорижий тажриба асосида ҳудудларда аччиқ қалампирни етиштириш, йиғиштириб олиш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Қарорни бажариш учун, қалампир кўчатлари етиштиришни таъминлаш ва Республика ҳудудларига етказиб бериш GENERAL MACHINERY GROUP (GMG) МЧЖ зиммасига юклатилди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тарихида илк маротаба аччиқ қалампир экиш бўйича оммавий кампания старт олди.
2018 йил февраль ойида GMG компанияси Беруний тумани деҳқонлари билан контрактация шартномаси имзолади. Унга асосан буюртмачи ҳисобланмиш GMG компанияси деҳқонларни қалампир уруғи билан таъминлаш, деҳқонлар эса қалампир кўчатини етиштириб бериш мажбуриятини олди.
Қайд қилиш жоизки, Беруний туманида 400дан ортиқ иссиқхоналар бор. Бу ернинг деҳқонлари кўп йиллардан буён помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажон кўчатларини етиштириб, баҳорда Қорақалпоғистоннинг бошқа туманлари, қўшни Хоразм ва Бухоро вилоятларига сотиш билан шуғулланишади. Оилаларнинг асосий даромади мана шу ишлардан олинади.
GMG компанияси кўчатларни 20 апрель - 10 май оралиғида етиштириб бериш шартини қўяди ва уларнинг ҳар бирини 90 сўмдан харид қилиш мажбуриятини олади.
Компания шартномада кўрсатилган умумий қийматнинг 30 фоизини олдиндан бўнак сифатида тўлаб берган. Қолган қисми эса тўланмаган. Кўчатни ўз вақтида етиштириб берган деҳқонлар эса унинг пулини ололмай айни пайтгача овора бўлмоқда.
Контрактация шартномаси тузган деҳқонлардан бири Давлат Қурбаниязов GMG компанияси барчани алдаб кетганини айтди.
















