Еврокубоклар тугаб, бугундан кучли бешлик ва бошқа чемпионатларнинг навбатдаги турларига старт берилади. Ўйинлар кўп, булар орасида Испанияда Класико, Италияда Рим – Милан – Неаполь тўқнашувлари ҳам бор. Биргина ёмон хабар – Европадаги вақт қишки режимга ўтаётгани муносабати билан, энди ўйинлар биз учун бир соат кеч бошланади. Испания ва Италия футболи мухлислари учун бироз ноқулай. 

БАРСЕЛОНА – РЕАЛ (28 октябрь, 20:15)

Фото: REUTERS


Бу ўйинни алоҳида реклама қилиш шарт эмас. Ёки жуда кенг равишда тўхталиб ўтиш керак аслида. Испания чемпионатининг энг муҳим тўқнашуви бўлмиш Эл Класико 11 йиллик танаффусдан сўнг биринчи маротаба Месси ва Роналдусиз ўтмоқда. Эл Класиконинг ғариблашиб қолгандек туюлиши шунчаки, тилга олинган футболчиларнинг буюклигидан дарак холос, зеро бугунги ҳолатда ҳам ҳар икки томонда муносиб юлдузлар бор. Бэйл, Иско, Модрич, Коутиньо, Суарес ва бошқалар. 

Жамоалар бу ўйинга икки хил кайфиятда кириб келмоқда. «Барселона» Мессисиз ҳам ўйнай олишини исботлади ва «Интер» устидан ишончли ғалабага эришди. «Реал» эса, аксинча. Лопетеги шогирдлари ниҳоят «Виктория» устидан зафар қучиб, ғалабасиз серияга нуқта қўйган бўлишса-да, ўйин у қадар ишончли чиқмади. Шунингдек, Ла Лигадаги омадсиз серияга ҳали ҳам барҳам берилгани йўқ. Босим ўйиндан ўйинга ортиб бормоқда ва ҳатто бу ўйиндаги мағлубият Лопетегининг истеъфоси билан якунланиши ҳам мумкин. 

Жароҳатланганлар. Мессидан ташқари Самуэл Умтити сафда эмас, лекин сўнгги ўйинларда Ланглле анча ишончли кўринмоқда. Меҳмонлар таркибида эса, Марселонинг ҳолати бироз ташвишга солганди, лекин охирги янгиликларга қараганда, у «Кам Ноу»да асосий таркибда ҳаракат қилиши кутилмоқда. Демак, фақат Дани Карвахал Эл Класикода «Реал»га ёрдам бера олмайди. 

Яна бир қизиқ жиҳат. 2014/15 йилги мавсумда Эл Класикода ҳар икки жамоа ўз майдонида рақиби устидан ғалаба қозонганди. Шундан кейин эса, аксинча, «Барселона» Мадриддаги баҳсларда доимий тарзда ғалаба қозоётган (4:0, 3:2, 3:0) бўлса-да, Камп Ноудаги ўйинда юта олмай келяпти. Ўтган мавсумда 2:2, ундан олдин 1:1, олдинроқ 1:2 ҳисоби қайд этилган. Ҳатто Суперкубок доирасидаги ўйинда ҳам «Барселона» мағлубиятга учраган. Демак, «Камп Ноу»даги Эл Класиколар бўйича мезбонларнинг ғалабасиз сериялари уч ярим йилдан бери давом этиб келмоқда.   

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЭВЕРТОН (28 октябр, 21:00)