Жамол Қошиқчининг қаллиғи Трамп билан учрашишдан бош тортди
Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида ўлдирилган журналист Жамол Қошиқчининг қаллиғи Ҳадича Денгиз АҚШ президенти Дональд Трампнинг Оқ уйга келиш таклифини носамимийлик деб, рад этди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.
“Мен АҚШ президентининг Оқ уйга келиш таклифини қабул қилмадим, чунки бу таклиф жамоатчилик фикрини у томонга ўзгартиришга қаратилган. АҚШ Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича қарорларида самимий бўлмагунча АҚШга бормайман”, деб айтган Денгиз Habertürk телеканалига берган интервьюсида. У адолатли тергов ва барча айбдорларнинг жазоланишини талаб қилган.
Денгиз ўз интервьюсида Қошиқчи билан консулликка бориб, уни охирги марта кўрган куни ҳақида гапириб берган. Аёлнинг айтишича, Қошиқчи Саудия Арабистони консуллигига бориш олдидан хавотирда бўлмаган, чунки у 28 сентябрда консулликка борган ва у ерда у билан яхши муомалада бўлишган.
Қошиқчи консулликка кириши олдидан қаллиғига “Кўришамиз” деб айтган. У консулликдан чиқавермагач, аёлга шунчаки суҳбат бўлаётгани, “дипломатлар Қошиқчининг ватанидан кетгандан кейинги ҳаёти билан қизиқишаётган бўлса керак”, деган ўй келган.
Бироқ аёлда 5 соат ўтгач, яъни 16:00да бирор кор-ҳол юз бергани мумкинлигидан ташвиш пайдо бўлган. У консуллик қўриқчиларидан қаллиғи қаердалигини сўраганда, қўриқчилар консулликдаги иш соати 15:30да якунлангани ва бинода ҳеч ким йўқлигини айтишган. “Шундан кейин мени қўрқув қамраб олди”, деб айтган Денгиз.
Аёлнинг айтишича, Қошиқчи агар узоқ қолиб кетса, бирор кимга қўнғироқ қилишни айтмаган. Бироқ бу воқеадан сал аввалроқ у бетоб бўлиб, кўп вақт шифохонада ўтказганда Денгиз қаллиғидан бирор кор-ҳол юз берса кимга қўнғироқ қилишни сўраган. Шунда журналист қаллиғига ўзининг эски дўсти, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг маслаҳатчиси Ясин Ақтайнинг телефонини берган.
Мавзуга оид
02:48 / 06.11.2024
Сайлов бошланди, кўп овоз олиб ҳам ютқазиш мумкин бўлган сайлов
00:26 / 06.11.2024
Трамп атрофида айланаётган Америка сиёсати: нега бундай бўлди?
23:20 / 18.11.2022
Байден маъмурияти Саудия шаҳзодаси Қошиқчи қотиллиги иши бўйича дахлсизликка эга эканини айтди
17:06 / 23.06.2022